ЎзА танқид қилади

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги Миздахқон тарихий эсдалик мажмуасига оид яна бир можаро кўтарилди.

Бунга мажмуада сайёҳлик маскани сифатида донг қозонган, минг йиллардан буён “охирзамон соати” сифатида машҳур бўлган “Халифа Ражаб” мақбараси тарихий ёдгорлиги қошида янги қабрнинг жойлаштирилганлиги сабаб бўлди. “Нима учун X асрга оид тарихий ёдгорлик ёнида замонавий қабр жойлаштирилиши керак?” мазмунидаги эътирозлар ортидан “қабр учун ерлар сотилмоқда” каби гаплар ҳам тарқалди.

Дабдабали дафнбозлик

Минг афсуслар бўлсинки бизда сайёҳлик маскани сифатида фойдаланиш мумкин бўлган кўп жойлар деярли қабристонга айланган. Миздахқон мажмуаси ҳам шулар жумласидан. Миздахқон ўрта асрларда Хоразмдаги йирик шаҳарлардан бири бўлган. Машҳур араб олими ал-Мақдусий 985 йилда шу ердан ўтганда “Миздакхан ўзининг катталиги бўйича Кат, Гурганж каби Хоразм давлатида учинчи шаҳар” дея таъриф берган. Археологик қазишмалар пайтида Миздахқон мажмуаси жойлашган тепаликда антик даврга оид эсдаликлар ҳам топилган. Исломгача ҳукм сурган зардуштийлик маданияти бу ерда гуллаб яшнаган. Мажмуа атрофидан ҳанузгача кўплаб оссуарийлар топилмоқда. Аянчлиси, қадимий қабрлар устида яна қабрлар қазилмоқда.

– Миздахқон мажмуаси археологик нуқтаи назардан ҳали тўлиқ ўрганиб бўлинмади, – дейди археолог-олим Саъдулла Саипов. – Қазишма ишлари яна юзлаб йил давом этиши мумкин. Мажмуанинг археологик қўриқланадиган майдони 7 гектар бўлгани билан унинг ташқарисидаги, яъни дафн қилиниш учун рухсат берилган қарийб 70 гектарлик ҳудуддан ҳам зардуштийлик маданиятига оид ёдгорликлар топилмоқда. Асосан дафн қилиш учун ерни қазиганда оссуарийлар чиқиб келмоқда. Энг ачинарлиси, яқинда “Халифа Ражаб” ёдгорлиги қошида замонавий қабр жойлаштирилгани бўлди. Ахир бу қўриқланадиган ҳудуд. У ерга қандай қилиб марҳумни дафн қилишга рухсат бериш мумкин.

Сайёҳлик тадбирлари билан шуғулланувчи қорақалпоғистонлик Азамат Маткаримов “баъзи одамлар ўз қариндошларини мажмуанинг энг машҳур зиёратгоҳлари ёнига дафн қилишга астойдил ҳаракат қилиб, шунинг оқибатида қадимий обидалар қошида қимматбаҳо тош ва материаллардан дабдабали қабрлар қад ростламақда. Эҳтимол, улар ўз яқинлари дафн қилинадиган жой муқаддас жойларга қанчалик яқин бўлса, шунчалик шарафли ва яхшироқ, деб ҳисоблашар. Аслида, бундай эмас. Биринчидан, улар шу иши орқали халқининг тарихини йўқ қилмоқда. Иккинчидан, бунақа дафн маданиятсизлик рамзи сифатида минглаб сайёҳларда таассурот қолдиради” деб пост қолдирди фейсбукдаги саҳифасида.

Мажмуага элтадиган йўлак. У нимага керак?

Айни пайтда сайёҳларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида мажмуа эсдаликларига олиб борадиган йўлак (коридор) қурилмоқда. Бу ҳолат ҳам тармоқ фойдаланувчиларини беэътибор қолдирмади.

“Туннел (йўлак назарда тутилмоқда – муаллиф) нима учун керак? Миздахқонда сайёҳларнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бу зинадан юқорига кўтарилиш билан очиладиган ажойиб манзаралар-ку. 50 даража иссиқда, тик қояга кўтарилишда, тор узун туннелда сайёҳлар омон қолиши доргумон” деб ёзади блогер Лилия Николенко фейсбукдаги саҳифасида. “Бу ерда дарвозадан то мақбаралар жойлашган тепаликка қадар ўзига хос “туннел” қурилмоқда экан. Бу “туннел” сайёҳлар йўлда эски қабрларни кўрмаслиги учун қурилмоқда.

Қабристон жуда муҳим туристик диққатга сазовор жой. Мен ўзим ҳам кўп марта сайёҳларни олиб борганман ва улар учун дафн маросимлари анъаналари, дафн этишнинг ўзига хос хусусиятлари, турли халқларнинг динлари ва эътиқодлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини билиш қанчалик қизиқарли эканлигини биламан. Бу қарор қандай асосли бўлганини билмайман, лекин мен буни узоқни кўзланмаган ва туризм ривожи учун ҳалокатли, деб биламан. Негадир лойиҳа туризм соҳаси билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган ва бу биз учун катта йўқотиш” дея қўшимча қилади А.Маткаримов.

Хўжайли тумани ҳокимлиги янги қабрнинг қадимий ёдгорлик қошида жойлаштирилганлиги масаласи ҳокимлик ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилаётганини маълум қилди ва туннел(йўлак) масаласида қуйидагича жавоб қилди:

“Миздахқон тарихий мажмуасига олиб борадиган тепаликка чиқиш учун йўлак (коридор) қурилса нимаси ёмон? Биринчидан, зиёратга ёки сайёҳлик мақсадида келган фуқаролар, хусусан, нуронийларимиз учун қулай, тарихий девор расмларини томоша қилиб дам олиши мумкин. Иккинчидан, ноқулай об-ҳаво кунларида ёки жазирама иссиқда салқин соя, пана. Учинчидан, чор атрофни кўриб завқланиш учун очиқ дизайн. Тўртинчидан, йўлак сайёҳларнинг эътиборини жалб қилувчи миллий анъаналар билан бойитилган нақшлар билан безатилади ва алалхусус, кўпчилик фуқароларга очиқ қабрлар оғир таъсир қилиши инобатга олинса, эстетик жиҳатдан тўғри бўлади”.

Миздахқонда дафн қилиш давом этаверадими?

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Қуаниш Шариповнинг таъкидлашича, маданий мерос объектлари (археология обидалари) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудуди қабристон учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмас. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида” ги низоми 53-бандида аниқ белгиланган. Ушбу низомдаги талаблар бузилганлиги инобатга олиниб, “Миздахқон мажмуаси” атрофида юзага келган можаро юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига мурожаат қилинган.

– Бу воқеа шундайлигича қолиши мумкин эмас, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Қуаниш Шарипов. – Қадимий ёдгорликлар қошида дафн қилиш ҳолатлари бутунлай барҳам топиши даркор.

Айни пайтда, мазкур масала юзасидан прокуратура томонидан барча ишлар судга оширилган.

“Миздахқон мажмуаси” атрофидаги шов-шувли воқеалар фақат шу эмас. 2017 йилда ҳам мазкур мажмуага кирадиган XIII-XIV асрларга тегишли Шамун-Наби мақбараси бузиб ташланиб, ўрнига янги бино қурилган ва шу билан муҳим аҳамиятга эга тарихий ёдгорлик ҳам батамом йўқ қилинган эди.

Е.Қаноатов, ЎзА