«Португалиялик ҳужумчи айни пайтда Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клубида тўп сураётган дунёга машҳур футболчи, миллионлаб мухлисларга эга Криштиану Роналдунинг ютуғи нимада», деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бу йигитнинг профессионал футболчи бўлиб етишишининг асосий омиллари нимада?

ПРОФEССИОНАЛЛИК НИМА?

Баъзи бир касб эгалари ўз соҳасида ютуқларга эришиш учун майда-чуйда нарсалардан воз кечиш керак, деган фикрда бўлишади. Аммо аслида ўз соҳасида профессионал бўлиши учун инсон айнан энг майда нарсаларга ҳам эътибор қаратиши лозим.
Мисол учун, Роналду майдондан ташқари ҳаётидаги ҳар битта нарсага эътибор билан қарайди. Дейлик, тўғри овқатланишга. У «Манчестер Юнайтед»га эндигина келган пайтлари тушлик вақти столидаги ширинликлар ўрнига меваларни ейишни танлаган. Буни кўрган жамоадошлари ундан ўрнак олишган. У ҳамиша диетологларнинг талабларига қулоқ солади ва уларнинг тавсияларини ҳурмат билан бажаради.

ТАКЛИФ…

Бугун юртимиздаги футбол академияларида Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродовларнинг ўрнини босадиган футболчилар тарбияланмоқда. Майдонда «кўзи ёниб» турадиган ҳужумчилару ҳимоячилар истаганча топилади. Аммо уларни профессионал футболга олиб кириш учун нима қилиш керак? Энг аввало футбол академияларида диетологлар штатини кўпайтириб, спортчиларнинг овқатланиш ҳамда дам олиш вақтларини тўғри йўлга қўйишга ўргатиш зарур. Иложи бўлса, ҳар ўн нафар ўсмир йигит билан битта диетолог ишлашини йўлга қўйиш зарур. Футболчи машқлар давомида сарфлаган кучини роллтон ёки чойхона палов еб тўлдира олмаслигини сингдириб бориш шарт.

«ЎЙИН ЎХШАСА ЎХШАДИ, ЎХШАМАСА МEНГА НИМА?»

Роналдунинг ўйинларини кузатиш чоғи у ҳар гал майдонга тушганида худди ўлжасини кутаётган шер каби гавдаланади. Майдонда «бугун ўйин ўхшаса ўхшади, ўхшамаса менга нима, бошқалар ҳам борку» деган фикр йўқ. Ваҳоланки, у ҳамма нарсага, ҳатто ортиғи билан ҳам эришган. Машинани қўлга киритдим, уйга эга бўлдим, шуларнинг ўзи етади, деган фикр билан эмас, тўхтаб қолмаслик учун курашади. Шу сабаб унга «қайси голингиз муҳим», дея «берилган саволга кейинги урадиган голим», деб жавоб берган.

ҲEЧ КИМ ПРОФEССИОНАЛ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИ

Балки Мессининг мухлисларига бизни Роналду ҳақидаги мақтовларимиз бироз эриш туюлар. Тўғри, Роналду ҳам профессионал бўлиб туғилмаган, профессионал бўлиб етишган. Бунинг учун у керак бўлса жамоасидаги ҳар бир ўйинчидан ҳам ниманидир ўрганганини интервьюларида кўп бора такрорлайди.

ЮТҚАЗИШНИ ЁМОН КЎРИШ КEРАК

«Хўш, нима учун», деган саволни беришингиз табиий. Ютқазган одам ҳамиша ўзида аламни ҳис қилади. Ана ўша алам одамни кейинги ғалабаларига туртки бўлади. Роналду ҳам бир пайтлар жамоадошлари билан стол тенниси ўйнайди ва ютқазиб қўяди. Бундан алами келган футболчи стол тенниси сотиб олиб, бўш пайтларида шуғулланади ва жамоадошларини ютади.
Инсон нафақат ўз соҳасида, балки бошқа соҳаларда ҳам ютқазишни ёмон кўриши керак. Ҳаммамиз ҳам қачондир, ниманидир ютқазамиз. Аммо ундан тўғри хулоса чиқариб, мағлубиятни ютуққа айлантириш керак. Мағлубиятни ютуққа айлантирган одам ўсаётганини ҳис қилади.

МАҚСАД ҚЎЙИШНИ БИЛАМИЗМИ?

Кўпинча 20 ёшлардаги йигитлардан мақсадинг нима? Деб сўрайман, кўпчилиги елка қисади. Болага ўз олдига мақсад қўйишни ота-она ўргатиши ва ўша мақсадга етишиш учун йўналтириши зарур. Мақсад инсон ухлаганида кўзига кўринадиган орзу эмас, уни ухлатмайдиган бўлиши керак.

ТАНҚИДГА ҚАРШИ ИММУНИТEТ

Айрим спортчилар бир кўзга ташланиб, кейин кўринмай кетишади. Айниқса, бу одат футболчилар орасида кўпроқ. Бунинг сабаби ҳақида бироз мулоҳаза юритамиз. Биз кўпроқ мақтов эшитишга ўрганиб қолганмиз. Боламиз нимагадир эришса кўкларга кўтарамиз, камчилиги бўлса тинмай танқид қилиб, зада қилиб қўямиз. Аслида болани вақтида танқид қилиб, вақтида унга мотивация берсак, спортчида ёшликдан танқидга қарши куч пайдо бўлади. Синиб қолмайди. Танқидни яхши кўриш керак, аммо унга ўрганиб қолмаслик зарур, деб билганлар тўғри йўлда эканига ишонаверсин.

 

Нигора РАҲМОНОВА, ЎзА