Маълумки, мамлакатимизда белгилаб қўйилган қонунчиликка кўра, ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз, деб эътироф этилади.

Ишсиз дея эътироф этилган шахсларга ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби қандай амалга оширилади?

Шу каби долзарб саволларга Мадад ННТ Қашқадарё вилояти Ғузор туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Зафар  Адилов қуйидагича жавоб берди:

Бугунги кунда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини аниқлаш ва нафақа тўлашнинг аниқ мезонлари белгилаб қўйилган. Жумладан, ишсиз деб топилган шахслар учун ҳам давлат томонидан бериладиган моддий ёрдам турлари мавжуд. Ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади ва қонунчиликка кўра, ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади. Аммо шуни алоҳида қайд этишим лозимки, ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт.

Ишсизлик нафақасининг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Ишсиз шахсларга  тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва шахсий томорқа ер участкаларини ривожлантиришга йўналтирилган субсидиялар ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардаги маблағлари ҳисобидан микрокредитлар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.

– Бугунги кунда ишсизлик нафақаси миқдори қанча этиб белгиланган?

– Мазкур нафақа тури  қонунчиликка кўра, ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ – 822000 сўм)дан оз бўлмаган миқдорда (амалда МҲЭКМнинг 35,2 фоизидан оз бўлмаган), ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – МҲЭКМ нинг 1 баравари миқдорида (амалда МҲЭКМнинг 26,5 ва 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорларда);

Илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга – МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида (амалда МҲЭКМнинг камида 26,5 фоизи миқдорида) белгиланган.

– Ўз ўрнида ишсизлик нафақаси олувчиларнинг қандай мажбуриятлари бор?

– Албатта ишсизлик нафақаси олувчилар учун ҳам қонунчиликка кўра маълум мажбуриятлар белгилаб қўйилган.  Унга кўра, ишсиз дея эътироф этилган шахс ҳар хафтада камида бир марта туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказига ишга ёки касбга тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши лозим. Узрсиз сабабларга кўра ушбу талаблар бажарилмаганда, ишсизлик нафақасини тўлаш 3 ойгача муддатга тўхтатиб қўйилиши ёки нафақанинг миқдори камайтирилиши мумкин. Ишсиз шахс касбга ўрганиш, қайта тайёрлаш ёки малакасини оширишга юборилган бўлса,  стипендия олиб касбга ўрганиш, қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малака ошириш даврида ва ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида даволаш курсини ўтаётган бўлса, ишсизлик нафақаси тўхтатиб турилиши мумкин. Ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётган бўлса ҳам, шу давр оралиғида  ишсизлик нафақаси тўланмайди.

Ишсиз фуқаро ишга жойлашганда ёки  ишсиз шахс таклиф қилинган мақбул келадиган ишни икки марта рад қилган тақдирда ишсизлик нафақаси тўлаш бекор қилинади.

Шунингдек, ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олаётган бўлса, ишсизлик нафақасини олиб турган даврда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилмай вақтинча ишга жойлашган бўлса ҳамда ишсиз шахс вафот этган тақдирда мазкур нафақа турини тўлаш тўхтатилади.

Шуни ҳам айтиб ўтишим лозимки, пенсия таъминоти ҳуқуқини олган ишсиз шахсларга ва  суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган шахсларга ишсизлик нафақаси тўланмайди.

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА