Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуман “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти ундаги муҳандис-уста ва ўқитувчи-мутахассислари малакасини ошириш, хорижлик ҳамкорликни жалб этган ҳолда уларга билим ва кўникмаларни ўргатиш йўналишидаги ишлар таҳлилига бағишланди.

Анжуманда “Ишга марҳамат” фаолияти, бугунги кунгача бўлган даврда эришилган натижалар, шунингдек, мономаркази ҳузуридаги “Ўқув-маслаҳат офиси” (ЎМО)нинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳақида сўз юритилди.

Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директорининг биринчи ўринбосари Маъруф Садиқов мономарказлар фаолияти ҳақида сўз юритиб, улар ўз олдиларига ишсиз аҳолини касбга тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, ахборот коммуникация технологиялари, қурилиш, жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, болалар, қариялар, беморларга ғамхўрлик қилиш ва бошқа соҳаларда малакали хорижий ўқитувчиларни, шу жумладан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни жалб этишни мақсад қилганликларини таъкидлади.

Бугунги кунда юртимизда фаолият олиб бораётган мономарказларга туркиялик мутахассислар ҳам таклиф қилинган. Чунки бу йўналиш Туркияда анча йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда. Жалб қилинган чет эллик ўқитувчиларни малакали мутахассислар етишмайдиган касб-ҳунар таълими марказларига юборилади ва улар иштирокида “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва қисқа муддатли курслар ўқитувчилари учун “маҳорат дарслари”ни ўтказиш вазифаларини бажаради.

Анжуман давомида мутасаддилар нафақат ишсиз фуқароларни мономарказларга эалб қилиш, ҳунарга ўқитиш, балки уларга мос иш топишга кўмаклашишни мақсад қилганликларини таъкидладилар. Келажакда яна бошқа чет эл мамлакатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, мономарказ битирувчиларини ҳам ўз касбларига мос иш билан таъминлаш, чет элга юбориш ҳам режа қилинган. Анжуман якунида мутахассислар ОАВ вакилларининг саволларига жавоб бердилар.

Файзулло Яҳёев, ЎзА