Статистик маълумотларга кўра, эркаклар коронавирус билан аёлларга нисбатан кўпроқ касалланишади. Ўлим даражаси кўрсаткичларида ҳам тафовут бор.

Масалан, АҚШда коронавирусдан вафот этган эркаклар сони аёлларга қараганда икки баробар кўп. Европада коронавирусдан вафот этганларнинг 69 фоизи эркаклардир. Худди шундай вазиятни Хитойда ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам кузатиш мумкин.

Олимлар бунинг сабабларини турли омиллар, масалан, эркак ва аёллар турмуш тарзидаги тафовутлар, аёл организмининг инфекцияга муносабати билан изоҳлашга ҳаракат қилишади. Шу нуқтаи назардан ҳам COVID-19 инфекциясининг эркаклар репродуктив саломатлигига таъсирини ўрганиш ва бу хусусда аниқ илмий асосларга эга бўлиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Тошкент тиббиёт академияси «Доктор репортёр» клуби аъзоси, 5-босқич талабаси Шаҳзод Шамсиев айни мавзу юзасидан изланишлар олиб борди. Коронавируснинг эркаклар репродуктив саломатлигига таъсири масаласи долзарб муаммолардан бири бўлиб қолаётгани ва аҳоли орасида турли хил фикрлар борлиги боис, суҳбатимиз давомида кўпчиликни қизиқтирган масалаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

– Турли мамлакатларда илгари ўтказилган тадқиқотлар 25 турдаги вируснинг эркак уруғини зарарлаши мумкинлигини исботлаган. COVID-19ни ҳам шу турдаги вируслар қаторига киритиш керакми-йўқми? – Дунёнинг турли илмий марказларида тадқиқотлар олиб бориляпти. Ушбу тадқиқотларнинг аксарияти коронавирус ҳақиқатдан ҳам эркаклар репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини исботлаяпти. Яна кўпгина масалалар борки, уларга ҳозирча тўла ойдинлик киритилмаган, илмий хулосаларга келинмаган.

Бир-биридан мустақил тарзда ўтказилган тадқиқотларда коронавируснинг сперма сифати, сперматозоидларнинг ҳаракатчанлиги, уларнинг миқдорий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши, тестостерон шаклланишини сусайтириши аниқланган.

Маълумки, тестостерон сперматогенез ва сертоли ҳужайраларининг етилишида муҳим ўрин тутади. Унинг эркаклар репродуктив саломатлигидаги роли беқиёс. COVID касаллигининг оғир шакли билан хасталанган беморларнинг қон зардобида тестостерон даражасининг кескин тушиб кетгани қайд қилинган.

Буларнинг барчаси коронавирус инфекциясининг эркаклар репродуктив саломатлиги асоратларини жиддий ўрганиш лозимлигини исботламоқда. Бу борада олиб бориладиган илмий изланишлар мазкур тоифага мансуб беморларни даволаш ва қайта тиклаш борасидаги режаларни аниқлаштиришга кўмаклашади.

Тиббиёт фанлари доктори, Россия репродуктив саломатлик марказининг ёрдамчи репродуктив технологиялар бўлими раҳбари Наталя Калинина коронавирус эркакларнинг жинсий гормонлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиши, ҳатто, сперматозоидлар шаклланишини тўхтатиб қўйиши мумкинлигини таъкидлайди.

Олимларнинг фикрича, коронавируснинг иммунитетга кўрсатадиган таъсири натижасида иммунологик бепуштлик ривожланиши мумкин. СOVID-19 иммунитет тизими фаолиятини бузади, натижада организм спермага қарши антитаналар ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу антитаналар эркаклик уруғини ёт ҳужайралар сифатида қабул қилади ва уларга қарши курашишга киришади. Оқибатда, сперматозоидлар ҳаракатчанлиги ва уруғлантириш қобилиятини йўқотади.

– COVID-19 эркаклар репродуктив саломатлигига таъсир кўрсатар экан, бу бепуштликка олиб келиши мумкинми?

– Коронавирус эркакка фақат руҳий томондангина таъсир қилиши мумкин. 2021 йилнинг июнь ойида Техас университети олимлари коронавируснинг фақат эркакларда учрайдиган аломатини аниқлашди. Тадқиқот муаллифларининг айтишича, коронавирусдан хасталанган эркакларнинг чов соҳасидаги тушунарсиз оғриқдан шикоят қилиши кўпайган. Таҳлилларда бу эркакларнинг, шунингдек, тестостерон даражаси ҳам пасайгани аниқланган.

Бу аломатларни ўрганиш учун америкалик олимлар сичқонларда тажриба ўтказишди ва COVID-19 репродуктив саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига амин бўлди. Қувонарлиси, тадқиқотчилар COVID-19 билан оғриган эркакларнинг репродуктив саломатлиги хасталикдан олдинги давр кўрсаткичларигача қайтадан тикланиши эҳтимоли юқорилигини айтишмоқда.

Москва давлат тиббиёт-стоматология университетининг урология кафедраси раҳбари А.Евдокимованинг фикрича, коронавируснинг бепуштликка олиб келиши мумкинлиги тўғрисида аниқ далиллар йўқ. Шундай бўлса-да, бу касаллик билан оғриган эркакларнинг фарзанд кўришни тўла соғайганидан кейин уч ой ўтгач, режалаштиргани маъқул.

Илмий адабиётларда коронавируснинг эркаклар бепуштлигига олиб келган бирор ҳолат қайд қилинмаган. Демак, янада қатъий илмий хулосаларга келиш учун COVID-19нинг эркаклар репродуктив тизимига таъсирини аниқлашга ёрдам берадиган кенг кўламли тадқиқотлар ўтказиш талаб қилинади.

 

Моҳигул Қосимова суҳбатлашди, ЎзА