2021 йил декабрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида икки томонлама ҳамкорликнинг турли соҳаларига, хусусан божхона соҳасига тааллуқли қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ташриф доирасида иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарлари чегара-божхона постларидаги мавжуд фаолият жараёнларини биргаликда кўздан кечиришга келишиб олган эди.

Ана шу келишув доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов ҳамда Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси раҳбари А.Алтинбаев ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида иккала давлат божхона хизмати раҳбарлари кетма-кет равишда ўзбек-қозоқ чегарасидаги Қозоғистоннинг “Жибек жоли” ва Ўзбекистоннинг “Ғишткўприк” чегара божхона постлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ўтказиш пунктларидан бир кунда ўртача 7 минг нафарга яқин йўловчилар ҳамда 150 дан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланади.

Умумий ҳисобда якунига етаётган йилда “Ғишткўприк” чегара божхона постида 2,3 миллион нафардан ортиқ жисмоний шахслар ва 48,5 мингга яқин транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви амалга оширилди.

Учрашув давомида асосий эътибор ўтказиш пунктларини қайта қуриш ва модернизациялашга қаратилди. Чунки иккала мамлакат ўртасида ўзаро савдо алоқаларининг тобора кенгайиб бораётгани келгусида чегара-ўтказиш пунктларида турли ноқулайликлар ва тирбандликларни  юзага келтириши мумкин.

Шу сабабли божхона хизмати раҳбарлари олдиндан вазиятни таҳлил қилиб, Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида жойлашган “Навоий” (Ўзбекистон) – “Қоплонбек” (Қозоғистон) ҳамда “Доут ота” (Ўзбекистон) – “Тажен” (Қозоғистон) чегара-божхона постларида қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бунда қурилишнинг бошланиши ва якунланишини имкон қадар бир вақтга белгилаш юзасидан келишувга эришди.

Учрашувнинг яна бир муҳим самараси – томонлар божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари  ҳақида ўзаро маълумотлар алмашинувига хизмат қилаётган ахборот тизимини янада такомиллаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирларни белгилаб олди.

Иккала мамлакат чегара-ўтказиш пунктларида фаолият кўрсатаётган йирик инспекцион-кўрик мажмуаларидан олинган рентген-сканер тасвирларини зарур ҳолларда ўзаро алмашишга келишилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Масалан, битта юк автотранспорт воситаси кетма-кет равишда иккала давлатнинг ҳам чегара-божхона постларида такроран инспекцион назорат қурилмасидан ўтказилмаслиги мумкин. Бу эса, табиийки, юк автотранспорт воситаларининг тирбандлиги юзага келмаслигига ўз ҳиссасини қўшади.

Яқинда имзоланган энергия ресурларини ўзбек-қозоқ божхона чегарасидан  олиб ўтилишида биргаликда божхона назоратидан ўтказиш тўғрисидаги Битимни ҳаётга татбиқ этиш масаласи ҳам ишчи учрашувнинг диққат марказида бўлди.

Хулоса қилиб а  йтганда, ўзаро ҳамкорлик келгуси йилда ҳам юқори суръатларда сақланиб қолади. Жумладан, келгуси йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида иккала мамлакат божхона хизмати мутахассислари Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро савдога доир божхона статистикасининг бир хиллигини таъминлашга қаратилган ишчи учрашувни ўтказишади.

Келгусидаги учрашувларда эса “С.Нажимов” (Ўзбекистон) – “Қозигурт” (Қозоғистон) ҳамда “Сирдарё” (Ўзбекистон) – “Отамакон” (Қозоғистон) чегара-божхона постларини қайта қуриш масалалари муҳокама қилинади.

Дарвоқе, Ўзбекистон – Қозоғистон божхона хизмати раҳбарларининг келишувида томонларнинг ўзаро тажриба алмашинуви ҳам назарда тутилган эди.

Шу мақсадда 2021 йил 20-24 декабрь кунлари бир гуруҳ ўзбекистонлик божхоначилар Қозоғистон божхонаси фаолияти, айниқса ахборот тизимларини батафсил ўрганиш, шу аснода божхона тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ушбу давлатда бўлиб қайтди.

Хизмат сафари давомида Давлат божхона қўмитаси вакиллари Қозоғистоннинг Нур-Султон аэропорти, Транспорт логистика маркази, Бош прокуратура ҳузуридаги Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисоб қўмитаси, Ахборот технологиялари лойиҳалари халқаро технопарки, Қозоғистон Республикаси Молиявий мониторинг агентлиги фаолияти билан яқиндан танишди.

Нур-Султон аэропорти бир суткада 18 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш ва 600 тонна юкларни ўтказиш имкониятига эга. Шунга қарамай, жараёнларга илғор ахборот технологияларининг жалб этилгани боис бу ерда хизмат олиб бораётган божхона ходимлари бир сменада атиги 13-14 нафарни ташкил қилади. Йўловчиларнинг юклари асосан рентген-сканер тасвирлари орқали божхона кўригидан ўтказилади.

Нур-Султондаги Транспорт логистика маркази ва бу ерда ташкил қилинган Электрон декларациялаш марказида эса юклар хавфларни бошқариш тизими орқали божхона расмийлаштирувидан ўтказилади. Расмийлаштирилган декларацияларнинг асосий қисми “яшил” (80%) ва “сариқ” (20%)  йўлакларга йўналтирилади.

Ҳозирда Қозоғистонда божхона ва солиқ соҳасида иш юритиш бўйича жами 16 ахборот тизими фаолияти жорий қилинган. Мамлакатда йилига 1,2 миллиондан зиёд божхона юк декларациялари электрон равишда расмийлаштирилади. Божхона кузатуви остидаги транспорт воситалари GPS навигацион пломбалари асосида назорат қилинади.

Ишчи учрашув давомида Қозоғистон божхона делегацияси пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди.

Учрашув якунида томонлар унда кўрилган масалалар юзасидан тегишли баённомани имзолади.

Мазкур ишчи учрашув иккала мамлакатни боғлаб турган чегара-божхона постларнинг ўтказувчанлигини янада ошириш, пост орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар учун янада енгилликлар жорий қилиш ва транспорт воситалари ҳаракатининг тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Н.Абдураимова, 
ЎзА