Пойтахтимизда бўлиб ўтган минтақавий форумда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё етакчи аёллари Мулоқотига раислиги якунлари сарҳисоб қилинди.
Марказий Осиё етакчи аёллари Мулоқотига раислик қилган Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева жорий йил давомида Мулоқот мамлакатларимиз ва халқларимизни бир-бирига яқинлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилганини қайд этди.
Ушбу тузилма Марказий Осиёда гендер тенглиги ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ёндашувларни ишлаб чиқишда ўзига хос катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатди.
Ўзбекистон раислиги даврида ўзаро ҳамкорликнинг ушбу форматини имкон қадар фойдали қилиш муҳим эди. Ушбу ҳавола (https://cawlc.net/f/ru_broshyura.pdf) орқали етакчи аёллар Мулоқотида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот олишингиз мумкин.
– Хотин-қизлар етакчилиги ва тадбиркорлик масалалари эътибор марказида бўлди, – дейди Т.Норбоева. – Ўтказилган тадбирлар Мулоқотнинг нафақат долзарб масалаларни муҳокама қилиш майдони, балки мамлакатларимиз турли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун амалий майдонга айланди.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим йўналишга айланди. Мулоқот аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш ташаббуси билан чиқди.
Ўзбекистонда ҳам бу борада муҳим ишлар амалга оширилди. Яқин кунларда хотин-қизлар бизнесини ривожлантириш, аёлларнинг ишбилармонлик фаоллигини ошириш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш бўйича ваколатли давлат органларига таклифлар киритилади.
Мулоқотда раислик муддати бир йил бўлгани сабабли форумда 2022 йилда раисликни бошқа давлатга ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Келаси йил Марказий Осиё етакчи аёллар Мулоқотига Туркманистон раислик қилади.
– Фурсатдан фойдаланиб, Мулоқотнинг барча аъзоларига ва БМТнинг Тараққиёт Дастури, БМТ Aёллар ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича Минтақавий Марказига Мулоқотнинг 2021 йилга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ва ташаббусларини амалга оширишда кўрсатган ёрдамлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман, – деб алоҳида қайд этди Танзила Норбоева.
Ўзбекистон Марказий Осиёда гендер тенглик ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам давом эттиради.
Н.Абдураимова, ЎзА