Япония ҳукумати Сурхондарё вилоятида сув, санитария ва гигиена тизимини яхшилаш учун 433 минг доллар маблағ сарфлайди.

ЮНИСЕФ томонидан мувофиқлаштириб бориладиган ушбу грант дастури доирасида маҳаллий аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб муайян тадбирлар амалга оширилади.

Хусусан, Термиз туманидаги бирламчи тиббиёт муассасаларига қувур ўтказиш, сув таркибини юмшатиш ва фильтрлаш, санитария иншоотларини қуриш, таъмирлаш, электр ва иссиқ сув учун қуёш панели, захира сув учун идиш ўрнатиш, чиқиндини қайта ишлаш ҳудуди барпо этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга замонавий сув, санитария ва гигиена инфратузилмаси мунтазам ишлашини таъминлаш, ускуналарга хизмат кўрсатиш доимий назоратга олинади.

– Япония ҳукумати Марказий Осиёнинг Афғонистонга қўшни давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга, БМТ тузилмалари орқали соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, сув тармоғи ва санитария соҳаларида ёрдам кўрсатишни давом этттиради, – деди Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма.

2022 йил март – 2023 йил февраль оралиғида амалга ошириладиган лойиҳа натижасида еттита бирламчи тиббиёт муассасасида такомиллаштирилган сув тармоғи, санитария ва гигиена хизмати йўлга қўйилиб, маиший чиқиндини қайта ишлаш бўйича ишончли тизим яратилади. Бундай қулайликдан Термиз туманининг 80 мингга яқин аҳолиси фойдаланиш имконига эга бўлади.

– Муассасаларда зарур инфратузилма мавжудлиги одамларга хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Соғлиқни сақлаш масканларида инфекция юқишининг олдини олиш, вазиятни назорат қилишнинг самарали усуллари ҳам эътиборга олинади. Бу саъй-ҳаракатлар, айниқса, аёллар ва болаларга инклюзив, сифатли хизмат кўрсатиш учун шароит яратади.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА