ФОТОРЕПОРТАЖ

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Педагогика факультети ўқитувчиси Эркиной Ўринбоева ўз иқтидори, билими ва изланувчанлиги билан эътибор қозонган ёш мутахассислардан.

Болалигидан миллий қўшиқларни ижро этишга иштиёқи баланд Эркиной Нукус маданият ва санъат коллежида бахшичилик санъати ва мусиқа сирларини ўрганди. Сўнг Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг мусиқа таълими йўналишида таҳсил олди. Тажрибали профессор-ўқитувчилардан таълим олиб, ижодий изланишлар билан бирга, илмий раҳбари, мусиқа таълими кафедраси доценти София Тожетдинова кўмагида илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Ҳозирда устозлари қаторида талабаларга сабоқ бермоқда.

Маҳоратли педагог шунингдек, мамлакат ҳамда халқаро миқёсдаги қатор нуфузли танлов ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган.

Эркиной Ўринбоеванинг санъат ва фан йўналишидаги ташаббускорлиги муносиб эътироф этилиб, Президентимизнинг тегишли қарорига биноан 2022 йил Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

– Орзу ва мақсадларим жуда катта, – дейди Э. Ўринбоева. – Қорақалпоқ бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, достонларимиз ва миллий қўшиқларимизни жаҳон саҳналарида ижро этиш ниятидаман. Шу билан бирга, ушбу йўналишдаги илмий ишларимни давом эттираман.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА