Нукусда кўл жанги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва унинг самаралари хусусида гапирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари 9 та вазн тоифасида ўзаро беллашди.
Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, иккинчи ўринни Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, учинчи ўринни Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги, медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА