“The Korea Post” газетасида “Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён жадал ривожланмоқда” номли мақола чоп этилди.

Мақолада икки мамлакатнинг ўзаро алоқалари, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларидаги шериклик мавзуси кенг ёритилган. Шу билан бирга Ўзбекистон ва Корея ҳукуматлари бугунги кунда ахборот технологиялари, рақамли тиббиёт, таълим ва маданият йўналишларида ҳам самарали ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётгани қайд этилган.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Сеул шаҳрига давлат ташрифи Ўзбекистон ва Корея муносабатларида янги саҳифа очди, – дейилади, жумладан, мақолада. – Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимига Корея тажрибаси кенг жорий этилмоқда. Тошкентда олий ўқув юртлари филиаллари очилган.

Манба хабар беришича, давлатларимиз ўртасида 2016 йил 1 миллиард доллар бўлган савдо айланмаси 2019 йилга келиб 2,7 миллиард долларга етган. Корея капитали иштирокида мамлакатимизда фаолият юритаётган корхоналар сони 2017 йил якунида 510 тани ташкил этган бўлса, жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, бу рақам 928 тага ўсгани ҳам қайд этилган.

– Демак, Ўзбекистон ва Кореянинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги жадал тараққий этяпти, дейиш мумкин, – қўшимча қилади муаллиф ва фикрини статистик маълумотлар билан далиллайди.

– 2021 йил январь-октябрь ойларида Корея капитали иштирокида республикада 80 та корхона ташкил этилди. Умуман олганда, 2018-2021 йилларда Ўзбекистондаги Корея бизнес объектлари сони 1,8 баробар кўпайди. Мамлакатнинг Ўзбекистонга киритган сармояси умумий ҳисобда 7 миллиард доллардан ошган.

Шунингдек, “The Korea Post” газетасида нашр қилинган мақолада икки мамлакатнинг иқтисодиёт соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари, хусусан, грант лойиҳалари, товар айирбошлаш, логистика йўналишлари бўйича ҳамкорлик мавзусига ҳам эътибор қаратилган.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА