Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Хошамет – 2021” йилнинг энг фидойиларини мукофотлаш маросими бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасида ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган ишларни янада такомиллаштириш, ёш авлод вакилларини маънавий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялашда ҳам давлат ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда барча соҳаларда ва ўқув муассасаларида тенгдошларига теран билими, фаолияти ва ташаббуслари билан намуна бўлаётган ёшларга мамлакатимиз келажак пойдеворлари сифатида қаралмоқда. Юртимизда илм-фан, маданият, спорт, адабиёт соҳаларида юқори натижаларга эришаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат мукофотлари, стипендиялар ва грантлар жорий этилган.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан маданият, санъат, ижодиёт, журналистика, спорт соҳаларини ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш, тинчликни таъминлаш, шунингдек мазкур соҳаларда ютуқларга эришган энг фидойиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йилдан буён “Хошамет” тадбири ўтказиб келинмоқда.

Маросимда ўз хизмат вазифасини бажаришда фидойилик кўрсатиб, юқори натижаларга эришиб, жамиятда ҳурмат эътибор қозонган Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаоллик кўрсатаётганлар  “Йилнинг энг намунали ёшлар устози”, “Йилнинг энг намунали ҳокими”, “Йилнинг энг намунали туман, шаҳар Сардорлар Кенгаши”, “Йилнинг энг намунали ҳамкор ташкилоти”, “Йилнинг энг намунали ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари”, “Йилнинг энг намунали Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар, туман бўлими”, “Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси”, “Йил фидойилари”, “Йилнинг энг намунали ёш спортчиси”, “Йил волонтёри”, “Йилнинг энг наъмунали вайнери”, “Йилнинг энг ёш қўшиқчиси”, “Йилнинг энг намунали сектор раҳбари” каби 20 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Мукофот эгаларига Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг махсус дипломи, статуэтка ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда санъаткорлар иштирокида гала-концерт намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА