Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисини 2021 йил 15 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган. “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги, “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги,“Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси, Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши юзасидан ҳисоботлар эшитилади.

Ялпи мажлисда экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Шунингдек, сенаторлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилади.

Парламент юқори палатасининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитиш назарда тутилган.

Шунингдек, Кенгаш мажлисида Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантириш юзасидан чора-тадбирларнинг ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

М.Комилова, ЎзА