Президентимиз раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилиши маълум қилинди.

Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.

– Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса яна қўшимча ресурс ажратилади. Бунинг учун аҳоли ва қурувчи тадбиркорларга ипотека тизими ва қурилиш соҳасида бўладиган енгиллик, қулайлик ва имкониятлар берилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Биринчидан, бугунги кунгача ипотека кредитлари ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бор эди (майдони – 70 квадрат метргача, нархи – 400 миллион сўмгача). Бундан буён ипотека кредитлари шартларидан ушбу чекловлар чиқариб ташланади.

Энди сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъи назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади.

Эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хилда 10 фоиз этиб белгиланади (ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда).

Субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади. Яъни, уй-жой ҳовлисини кенгайтириш, эски уйини бузиб, 2 қаватли қилиш орқали замонавий қиёфага келтириш истагида бўлган фуқароларимизга кредитнинг 10 фоиздан юқори қисмига субсидия берилади.

ЎзА