Президентимиз раислигида ипотекани кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишда янги тизимда ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча кам. Хусусан, Хонқа туманида 5 мингта янги уй-жойга талаб бўлсада, келгуси йилда атиги 464 та (талабнинг 9 фоизи) уйлар қуриш режа қилинган.

Бундан ташқари, бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун қиймати 255 миллиард сўмлик 950 та қурилган хонадон сотилмасдан турибди. Сурхондарёда – 292 та, Сирдарёда – 189 та, Қорақалпоғистонда – 174 та, Фарғонада – 167 та.

Ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиялардан 220 миллиард сўм (20 фоиз) ишлатилган, холос.

Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди. Бунинг сабаби аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаяпти.

–Мисол учун, Самарқанд вилоятида ҳокимият ташаббус қилиб, лойиҳачи, қурувчи ва банкнинг “бошини бирлаштириб”, ҳамёнбоп уйларни қуришни ташкил этган. Бу орқали субсидиядан фойдаланиш ва кредитларни ўзлаштиришнинг энг юқори кўрсаткичи Самарқанд (кредит – 85 фоиз, субсидия – 60 фоиз) вилоятига тегишли, – деди давлатимиз раҳбари.

Уй-жойлар қуриладиган массивлар рўйхати апрель ойида тасдиқланган бўлсада, ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани боис, Тошкент вилоятида – 2,7 минг, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразмда – 1,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланмаган. Оқибатда давлатдан мақсадли кредитлар учун ажратилган 4,5 триллион сўм маблағ (50 фоиз) ўзлаштирилмасдан турибди.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида – 793 миллиард сўм (64 фоиз), Қашқадарёда – 204 миллиард сўм (66 фоиз), Тошкент вилоятида – 120 миллиард сўм (82 фоиз), Қорақалпоғистонда – 119 миллиард сўм (60 фоиз)маблағ ўзлаштирилмаган.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Мисол учун, Навоийда деярли барча қурилишлар 3 та корхона томонидан амалга оширилмоқда (“Минор Миллениум”, “Шарқ жилов меъморлари”, “Шарқ қурилиш”). Соҳага мутасаддилар ҳар бир масаланинг ичига ўзи кириб, қурилиш соҳасида мавжуд муаммолар ечимини топиш бўйича тинмасдан ишлаши, ҳар ҳафтада қурилиш объектларидаги ҳолат бўйича селектор ўтказиши шарт ва зарур,– деди Президент.

 

ЎзА