Олий Мажлис Сенати Раиси биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Ж.Харгитай билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва халқаро молия муассасаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Мартабали меҳмон Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, банк-молия ва солиқ тизимларидаги ўзгаришлар, пул-кредит сиёсатини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборга юқори баҳо берди.

Бугунги кунда юртимиз вилоятларида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бир неча минтақавий ваколатхоналари очилган.

Томонлар Ўзбекистонда халқаро ташкилот иштирокида амалга оширилаётган ва истиқболда режалаштирилаётган ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларининг параметрлари, шунингдек, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, суғурта бозорини ривожлантириш ва томонларни қизиқтирган бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.

Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр, икки томонлама муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Учрашувдан сўнг томонлар оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

С.Сафоев, Олий Мажлис Сенати Раиси биринчи ўринбосари:

– Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ҳудудларимизда бир неча минтақавий ваколатхоналари иш олиб боряпти. Шу орқали бевосита ўша жойлардаги кичик ва ўрта бизнес, ишбилармон доира вакилларига ёрдам бериш, уларни ўқитиш, малакасини оширишга кўмаклашилмоқда. Бундан ташқари, шаҳарлар ва уларнинг коммунал шароитларини такомиллаштириш бўйича иш олиб боришмоқда. Делегация юртимизда ислоҳотларнинг биринчи фазаси тугаб, кейинги — янги босқичга ўтаётган бир пайтда Ўзбекистонда ривожланишнинг асосий устувор йўналишлари нималардан иборат ва банк бу борада қандай иштирок этиши мумкин, деган саволларга жавоб излашяпти. Делегация вакиллари Ўзбекистонда бир неча кун бўлиб, барча вазирликлар, ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказишади ва уларни қўллаб-қувватлаш ишларини биргаликда амалга оширишади.

Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг лавозимга киришиш маросимида илгари сурган ташаббуслари ҳақида, келажакдаги ривожланиш стратегияси ҳақида маълумотлар бердик. Бу уларда катта қизиқиш уйғотди. Мартабали меҳмонлар юртимиздаги ўзгаришларни юқори баҳоладилар. Шунингдек, парламент билан биргаликда амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида ҳам келишиб олинди.

Ж.Харгитай, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори:

– Жорий йил июнь ойидан бошлаб Ўзбекистонга мунтазаб келиб тураман. Шуни таъкидлашим лозимки, юртингизда ҳар бир соҳада ўсиш ва ўзгаришлар, ривожланиш юз бераётганига гувоҳ бўлдим. Европа тикланиш ва тараққиёт банки турли соҳалардаги лойиҳаларга 600 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирди. Энергетика, таълим, кичик бизнес ва тадбиркорлик каби фаолият йўналишларига инвестиция киритилди.

Кузатувларим давомида шунга амин бўлдимки, Ўзбекистонда бир қанча корхоналар давлат бюджетидан чиқарилиб, хусусийлаштирилган. Бу эса иқтисодий ривожланишга, ўсишга ижобий таъсир қилади. Соҳаларга янги технологиялар киритилган. Юртингизда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар мавжуд. Шу боис инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Бугунги учрашувда ушбу масалаларни батафсил муҳокама қилиб олдик.

Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА