ёхуд она тили фани бўйича бошланғич ва умумий ўрта таълим дастурлари орасидаги 

айрим номувофиқликлар хусусида

 
Халқ таълими вазирлиги эътиборига 
Бугун мамлакатимиз таълим тизимидаги янгиланиш ва ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Замонавий мактаблар, янги дарсликларни кўриб, кўз қувонади. Демак, эндиги муҳим вазифа – яхши ўқитиш ва яхши ўқиш. Янги ўқув йили бошлангач, бу борада ўқитувчи ва ўқувчиларнинг савияси қандай эканлиги билан қизиқиб, бир неча мактабларда бўлдик. Ўтказилган савол-жавоблар ўқитувчи ва ўқувчиларнинг савияси талаб даражасида эканлигини кўрсатди. Эҳтимолки, саволлар соддароқ бўлгандир. Билмадим. Шундай бўлса бордир. Лекин мулоқот жараёнида юз берган айрим тортишувлар бизни бефарқ қолдирмади.
Биз савол-жавоб жараёнида ўқувчилардан иложи борича осонроқ тушунчаларни сўрадик. Масалан,“Гап бўлаклари” мавзусини. Бу мавзу 3-синф ўқувчисига ҳам яхши таниш. 4-5-синф ўқувчиларининг барчаси бош бўлаклар сифатида эга ва кесимни тилга олишди. 8-синф ўқувчиларининг бир қисми бош бўлак деб кесимни билишар экан, бир қисми эса эга ва кесимни…
Ҳайратимиз ошиб, дарслик ва дастурларни бир-бирига солиштириб кўрдик. 3-синф “Она тили” дарслиги (С.Фузаилов, М.Худойберганова, Ш.Йўлдошева. Т., “Ўқитувчи” НМИУ, 2014) нинг 42-бетида эга ва кесим гапнинг бош бўлаклари дейилади: “Эга ва кесим гапнинг бош бўлакларидир. Улар биргаликда гапнинг асосини ташкил этади. Гапнинг ким ёки нима ҳақида айтилганини билдирадиган бўлаги эга деб аталади. Гапнинг эгаси ҳақида нима дейилганини билдирган бўлак кесим дейилади. Кесим гапнинг бошқа бўлакларини ўз атрофида бирлаштиради.
 
Болалар мактабда ўқийдилар. Бу гапда бош бўлак иккита: кимлар? Болалар (эга), нима қиладилар? Ўқийдилар (кесим). Болалар ўқийдилар – гап болаларнинг машғулоти (ўқиши) ҳақида хабар билдиряпти.”
2015 йилда нашр этилган 4-синф “Она тили” дарслигида “Бош бўлаклар” тушунчасидан қочишга интилиш яққол сезилади ва “Кесим гапнинг маркази ҳисобланади” деган хулоса берилади. Аммо муаллифлар ўзларидаги иккиланишни енга олишмайди, чоғи, 26-машқ шартида шундай ёзишади:“Эга ва кесимдан тузилган гапларга иккинчи даражали бўлак қўшиб ёзинг”.
Дарсликда “бош бўлаклар” тушунчаси берилмаганидан ҳайрон бўлиб турган ўқитувчига мазкур машқ шарти қўл келади ва ўқувчиларга 3-синфдаги билимларни эслатади. Шу тариқа “бош бўлаклар” тушунчаси 4-синф ўқувчилари онгида ҳам эсон-омон жон сақлайди.
Навбат 5-синф “Она тили” (Н. Маҳмудов, А. Нурманов ва бошқалар. Т., “Маънавият”, 2015) дарслигига. Бу дарсликда бош ва иккинчи даражали бўлаклар ҳақидаги маълумотни тополмадик. Шунда бизга ўқитувчилар ёрдамга келишди: қўлимизга шу дарслик асосида ёзилган методик қўлланмани тутқазишди. Агар дарсликнинг 39-бетида “Кесим гапнинг мазмуний марказидир. У бошқа бўлакларсиз ҳам гап бўлаги бўла олади”, деб ёзилган бўлса, методик қўлланманинг 53-бетида қуйидагиларни ўқиймиз: “Бошланғич синфда (синфларда – М.В.) ўқувчилар гап бўлаклари ҳақида илк маълумот олган (олишган – М.В.) Эга ва кесим бош бўлаклар эканлигини, қолганлари (аниқловчи, тўлдирувчи, ҳол – М.В.) иккинчи даражали бўлаклар ҳисобланишини биладилар (Мазкур гапда эга – “улар”ни тушириш нотўғри – М.В.)… Кесим гапнинг асосий мазмунини ифодалайди, шунинг учун у бош (асосий) бўлак саналади. Иккинчи даражали бўлаклар эга, тўлдирувчи, аниқловчи, ҳол бўлиб, улар бош бўлак маъносини конкретлаштиради (аниқлаштиради – М.В.), тўлдиради, изоҳлайди, аниқлайди (ортиқча сўз – М.В.)”.
Жумлалардаги айрим ғализликларга қарамасдан, қўлланмада фикр аниқ баён этилган, яъни эга иккинчи даражали бўлаклар қаторида саналади. Нега дарсликда бундай аниқлик йўқ? Ахир дарслик ўқувчи учун чиқарилади-ку? Ўқитувчи тушунмаган мавзуни методик қўлланмасидан билиб олар. Ўқувчи-чи? У нима қилади? Унинг методик қўлланмаси йўқ-ку! Таъкидлаш жоизки, “Ўқитувчи китоби” 2011 йилда чоп этилган. Дарслик унга нисбатан янги. Шу боис ўқитувчи онгида иккиланиш кучли. У “бош ва иккинчи даражали бўлаклар” тушунчасидан буткул воз кечолмаяпти. Чунки бу тушунчалар бошланғич синфларда мавжуд.
Хўш, ўқитувчи ва ўқувчилар нима қилишсин?! Тажриба-синов деб ҳар бир олим ўзининг назариясини дарсликка тиқиштира берадими? Тажриба-синовда ҳам меъёр, маром бўлиши керак-да! Бунақада тараққиёт бўлмайди. Ўқувчиларнинг билим савияси орқага кетади. Ўқитувчиларда ҳам турли иккиланишлар пайдо бўладики, у дарс савиясига таъсир этмай қолмайди. Фикримча, бу борада тажриба-синов майдонларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ҳам айби бордек. Эҳтимол, улар тажриба-синовнинг ҳақиқий натижаларини яширишаётгандир. Ёки уларнинг фикрлари инобатга олинмаяптимикан? Ким билади, дейсиз?!
Яна асосий мавзуга қайтсак. 5-синфнинг амалдаги “Она тили” дарслигининг 44-саҳифасида қуйидаги назарий хулосаларни ўқиш мумкин: “Фақат кесимдан ёки эга ва кесимдан иборат бўлган гап йиғиқ гап ҳисобланади. Масалан: Қара. Мен келдим.
 
Кесимнинг бошқа бўлаклар билан кенгайишидан ҳосил бўлган гап ёйиқ гап дейилади. Масалан: Мен уни кўрдим.”
Хўш, йиғиқ гап фақат кесимдан иборат бўладими ёки эга ва кесимданми? Дастлабки хулосага кўра, йиғиқ гап икки хил кўринишда бўлади: кесим ёки эга ва кесим.
Кейинги хулосадан эса “Йиғиқ гап фақат кесимдан иборат”, деган фикр келиб чиқади.
Бу ўринда берилган икки хулосадаги яққол инкор замирида яширин маъно – аросат ҳам бор. Гап шундаки, йиғиқ ва ёйиқ гаплар ҳақида ёзаётган муаллифлар онгидаги “бош ва иккинчи даражали бўлаклар” тушунчаси уларга сездирмай ғалаён кўтаради ва қарама-қарши назарий хулосаларга замин яратади. 8-синфнинг амалдаги “Она тили” дарслигида эса, 5-синф “Она тили” дарслигидан фарқли равишда гап бўлаклари эга, кесим, иккинчи даражали бўлаклар каби турларга ажратилган. Бу ҳам, аёнки, “бош ва иккинчи даражали бўлак” тушунчаси табиий тарзда “бош бўлаклар мавжуд ва улар эга, кесим”, деган хулосани беради.
Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишни истардик: 5-синф “Она тили” дарслигининг 2015 йил нашридаги “мусаффолик”, яъни унда “бош ва иккинчи даражали бўлак” тушунчасининг йўқлиги асло янгиланиш руҳи билан боғлиқ эмас. Дарсликнинг аввалги нашрларидаги назарий хулосалар янги нашрда шунчаки такрорланган. Демоқчимизки, бир неча йилдирки, ўқувчи бошланғич синфдан 8-синфга келибгина яна “бош ва иккинчи даражали бўлак” тушунчаси билан учрашади. Дарсликлардаги бу каби номувофиқликлар, узлуксизлик жараёнининг бузилиши ўқитувчини ноқулай аҳволга солмоқда, муаллиф-олимликнинг муқаддас мартабасига нисбатан ишончсизлик уйғотмоқда. Юқорида келтирилган кўчирмалардан кўриниб турибдики, 5-синф “Она тили” дарслиги муаллифлари бош бўлаклар ҳақида ўқувчи онгига икки йил (3- ва 4-синфларда – М.В.) давомида тинимсиз сингдирилган билимларни онгли (эътибор беринг – М.В.) равишда ўзгартиришмоқчи! Яна ҳам аниқроқ айтганда, бу бола онгидаги инқилоб дейиш мумкин. Эҳтимол, кимдир бу ҳолга ортиқча аҳамият бермас. Лекин биз “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, деган ҳикматни унутмаслигимиз лозим. Мактаб дарсликларида мавзулар кенгайиб бориши, янгиликлар билан бойитилиши табиий ҳол, албатта. Аммо мавзуларнинг моҳияти тубдан ўзгартирилиши мумкин эмас. Бундай ҳолатлар кўпроқ соф илмий ишларда кузатилади. Инқилобий кўринишдаги назарий қарама-қаршиликни ўқувчи, ҳатто ўқитувчи онги, дарслик табиати кўтармайди. Афсуски, ўқитувчи ва ўқувчиларни ташвишга солаётган, чалкаштираётган камчиликлар биргина “Бош бўлаклар” мавзуси билан тугамайди. Мактаб “Она тили” дарсликларида бундай муаммолар талайгина.
Биз кўпчиликни ташвишлантираётган мазкур муаммоларни бежиз қаламга олмадик. Боиси, республика Таълим маркази мутахассислари, экспертлар қанчалик ҳаракат қилишмасин, “Она тили” дарсликларидаги муаммолар бир неча йиллардан буён бартараф этилмаяпти. Умид қиламизки, бизнинг бу чиқишимиз масъул мутасаддилар ва муаллифларни ҳушёр торттирса ажаб эмас. Ҳар ҳолда, шунга умид қиламиз.
Сиз нима дейсиз?
Муҳаммад Вали

 

ЎзА