Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” спорт мажмуасида бўлиб ўтган волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги мусобақасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси ғолиб бўлди.
Аёллар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон кубоги ғолиби Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти “НДПИ” қизлар терма жамоаси Ўзбекистон чемпиони, азалий рақибалари бўлган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “СКУФ” жамоасига қарши ўйнади.
Мусобақанинг дастлабки куни Нукус давлат педагогика институти “НДПИ” қизлар терма жамоаси рақибларини 3:1 ҳисобида енган бўлса, мусобақанинг иккинчи кунида ҳам “СКУФ” жамоаси қизларига ҳеч қандай имконият қолдирмади – ҳисоб 3:0.
– Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш, ёш спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор самарасида ёшларимиз республика ҳамда халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, “Ватан фидойиси” кўкрак нишони соҳиби, спорт фахрийси Азат Казаков. – Шу йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов ҳамда Вазирлар Кенгаши Раиси Қахраман Сариевлар спортчи қизларимиз билан учрашди. Уларга барча зарур шароитларни яратиб бериши мана шундай ғалабаларни қўлга киритишимизда аҳамиятли бўлди.
Шундай қилиб, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг “НДПИ” қизлар терма жамоаси волейбол бўйича бу йилги Ўзбекистон суперкубоги ғолиби бўлиб, мутлақ чемпионликни қўлга киритди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “НДПИ” қизлар терма жамоаси волейбол бўйича ўтган йилги мавсумда ҳам Ўзбекистон чемпионати ҳамда суперкубоги мусобақаларида ғалабага эришиб, мутлақ чемпионликни тантана қилган эди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА