Ўзбекистонда журналистларни тайёрлашда Ҳиндистон тажрибасидан фойдаланилади (Факт+)

Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети вакиллари Ҳиндистон оммавий коммуникация институтига (Indian Institute of Mass Communication – IIMC) ташриф буюрди. 
Сафардан кўзланган мақсад журналистика соҳасида Ҳиндистонда етакчи олий таълим муассасаси – Оммавий коммуникация институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.
Учрашувларда томонлар талаба ва ўқитувчилар алмашинуви, ҳамкорликда илмий анжуманлар ташкил этиш, илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва шу каби фойдали ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдилар.
Сафар давомида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда журналистика таълими соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ёш журналистларнинг чет тилларини мукаммал ўрганиш масалаларига алоҳида тўхталган эди.
ЎзА маълумотномасидан: Ҳиндистон оммавий коммуникация институти (Indian Institute of Mass Communication – IIMC) 1965 йил 17 август куни ташкил этилган. Унинг ташаббускори Ҳиндистон Ахборот ва телерадиоэшиттиришлар вазирлигининг ўза кезлардаги вазири Индира Ганди ҳисобланади. IIMC ўз фаолиятини кичик жамоа, шу жумладан UNESCO томонидан ажратилган икки нафар консультант иштирокида бошлаган.

Дастлабки йилларда мазкур олий ўқув даргоҳи асосан мамлакатдаги марказий идоралар, вазирликларнинг ахборот хизматлари учун кадрлар тайёрлаш билан шуғулланган. Шунингдек, муассасада журналистика таълими бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилган.

1969 йилдан эътиборан хорижлик талабалар ҳам ушбу даргоҳда таълим олиш имконига эга бўлишди. Хусусан, хорижий мамлакатлар ёш журналистлари учун аспирантура бўлими иш бошлади. Уларда асосан Африка ва Осиёдан келган амалиётчи журналистлар таҳсил олишди.

Ўтган давр мобайнида IIMC ўз фаолиятини бир неча бор кенгайтиришга муваффақ бўлди. Ҳозирги кунга келиб, ўқув юртида журналистик таълим йўналишларида таҳсил юқори даражада ташкил этилгани билан машҳур.

Журналистика таълими соҳасида IIMC ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустақилликнинг дастлабки йилларида йўлга қўйилган. 1993 йилдан бошлаб мазкур институтда ўзбекистонлик 50 нафардан зиёд журналист 4 ойлик «Янгиликлар агентликлари журналистикаси» (News Agency Journalism) ўқув курсларини ўтаган. 


 

ЎзА