Қорақалпоғистон Республикаси «UZDIGITAL TV» рақамли телевидениеси тест режимида эфирга узатилмоқда. Жорий йил февраль ойидан уч турли тариф асосида ёпиқ тарзда эфирга узатилади. Бу ҳақда компания расмийлари маълум қилди.

Нукусда «UZDIGITAL TV» МЧЖнинг савдо ва абонентларга хизмат кўрсатиш офисининг очилиши режалаштирилган. Офис харидорнинг телевизори DVB-T2 стандартдаги (ички) тюнерга эга ёки эга эмаслигига қараб, 2 турдаги қурилмани (tele-card ёки тюнерни) тавсия қилади. Хорижий мамлакатларнинг 4, 13, 31 телеканали намойиш қилинадиган уч турдаги тариф асосида ойлик тўловлар 4 минг 500 сўм, 11 минг ва 16 минг 500 сўм қилиб белгиланган.

– Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасида рақамли телевидениени йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Эфирга хорижий мамлакатларнинг телеканалларини синов тариқасида вақтинча бепул узатиш ушбу тадбирларнинг бошланиши эди. Мақсад – «UZDIGITAL TV» рақамли телевидениесининг юқори аниқликда ҳамда сифатли кўринишда ишлашини намоён қилиш, – дейди ушбу МЧЖ маркетинг бўйича менежери Бобур Қобилжанов. – Мобиль алоқа воситалари учун махсус дастур ёрдамида телеканалларни кўриш учун фойдаланувчи уйида ўтириб, ойлик тўловларни тўлаши мумкин. Электрон кўрсатувлар дастури (EPG)нинг хотирага сақлаш функциясидан фойдаланиб, ўзи хоҳлаган кўрсатувни ўтказиб юбормаслик имкониятига эга бўлади. Шунингдек, қурилмаларда ота-оналар назорати ўрнатилган бўлиб, 16 ёшдан кичик болалар кўриши мумкин бўлмаган кўрсатув ва фильмларни пароль ўрнатиш орқали блоклаб қўйиш мумкин. Уларни фақат расмий офислардангина сотиб олиш таклиф қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бу телеканаллар Нукус шаҳри ва ундан 70 километр масофадаги ҳудудларда намойиш этилади.

 

Есимқан Қанаатов, ЎзА