Илм-фанда «найзасимон иншоот» термини билан машҳур бўлган Устюртдаги катта ҳажмдаги сирли иншоотлар, яъни ажойиб кўринишдаги қазилма жойлар бугунги кунгача олимларнинг турли фикр-мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда. Яъни, мазкур қазилмалар нима мақсадда фойдаланилган, қачон қазилган, жуда катта ҳажмдаги бу объектларни қалай қазишган ва ҳоказо…
Бу иншоотлар фанда ов қилиш мақсадида фойдаланилган иншоот сифатида қабул қилинган бўлса ҳам, баъзи олимлар буни сув тўплайдиган махсус жой бўлган, деган фикрни билдиради.
Сирли иншоотлар қандай аниқланган?
Объектлар дастлаб 1952 йил таниқли олим Сергей Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археологик-этнографик экспедицияси томонидан аниқланган. Устюрт чинклари четларида кўплаб учрайдиган, тош плиталардан йиғилиб, чуқур доира (халқа) қилиб ясалган, алоҳида ўзига мос мазкур иншоотларни С.Толстов сув йиғиш учун эмас, балки ов қилиш мақсадида қурилган, деган илмий тахминни илгари сурган ва шу фикр доирасида таниқли археолог-олим Вадим Ягодин махсус илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Натижада, узунлиги 600-900 метр, эни 400-600 метр, чуқурлиги 3 метргача қозилган Устюртдаги бу сирли объектларнинг сайғоқ, қулон, архар, жайрон каби минглаб тўда-тўда бўлиб юрадиган ёввойи туёқли ҳайвонларни оммавий тутиш учун қурилган иншоот – аран эканлиги тасдиқланди.
Қўнғирот ҳудудининг маданий эсдаликларини тадқиқот қилган этнограф-олим Хожаҳмад Эсберганов эса «бу эсдаликлар қадимда кўчманчиларнинг сув тўплаш учун қурган қурилиши бўлиши эҳтимол» деган фикрни билдиради. Тадқиқотчининг фикрича, ичимлик суви тахчил бўлган Устюрт устида ёмғир ва қор сувларини йиғиш учун кўчманчи қабилалар шундай қазилмаларни ишлашга мажбур бўлган.
Ўтган асрнинг 70-80 йилларида найзасимон объектларнинг аниқланиши дунё миқёсида кўплаб олимлар ва оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилди. Образга берилган баъзи журналистлар ва бошқа тадқиқотчилар бу найзасимон иншоотларни «ўзга сайёраликлар томонидан қурилган» деган фантастик тахминларни айтган.
Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Тарих, тил ва адабиёт институти томонидан Устюрт кенгликларидаги археологик объектларга махсус тадқиқот ишлари олиб бориш бошланди.
Шу тадқиқотлар буйича олиб борилган камерал ишлар пайтида Устюртнинг Шарқий чинкида, Дувона буруни (Дувона буруни Мўйноқ тумани ҳудудида, Нукус шахрига деярли 500 километр масофадаги Орол денгизининг ғарб соҳилида жойлашган)дан 7 километр шимолда олинган аэрофотосъёмкалардан бир неча ўнлаб километрга чўзилиб кетган найзасимон объектларнинг катта қисми борлиги аниқланади.
Бундай кам учрайдиган эсдалик аввал хеч бир археологик амалиётда қайд қилинмаган.
Мазкур иншоот одатда оддий кўзга ёки автомобилда ўтиб бораётган йўловчига сезилмайди. Сабаби, катта ҳажмдаги объектни одамбўйи баландликдан кўриш имкони йўқ ва сиз оёғингиз тагида тарихи минглаб йилларга тақаладиган ажойиб мерос ётганини билмай устидан юз марта ўтиб кетишингиз мумкин.
Айни пайтда Устюртдаги бу эсдаликларни Интернет тармоғидаги Google Earth дастури ёрдамида хоҳлаган киши бемалол кўра олади.
Сирли иншоотларнинг сони нечта?
Ўтган асрларнинг 70-90 йилларида археолог В.Ягодин раҳбарлигида олиб борилган кенг кўламли археологик тадқиқотлар натижаси буйича бундай найзасимон қазилмалар гуруҳи Устюртнинг ҳамма жойида эмас, балки маълум бир ҳудудларида учраши аниқланди. В.Ягодин мазкур иншоотларни қуйидагича ҳудудий гуруҳларга ажратади:
1. Ғарбий Устюрт гуруҳи (Дувона-1 ва Дувона-2 кичик гуруҳларига бўлинади);
2. Айбуйир-Сариқамиш гуруҳи (Бул гуруҳ Айбуйир ва Берниёз-3, Қазғон ва Сариқамиш кичик гуруҳларига бўлинади):
3. Жоринқудуқ гуруҳи;
4. Кендирлисор гуруҳи;
5. Бейнеу гуруҳи.
Бутун жаҳон буйича шундай тарихий сирли манзараларни тадқиқот қилишга ихтисослашган австралиялик олим Алисон Беттс, қорақалпоғистонлик археолог-олимлар Шамил Амиров ва Вадим Ягодинларнинг «Paleorient» илмий нашрида ёритилган мақоласида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудидаги Устюрт кенглигида шундай объектларнинг 17 гуруҳга бўлинган 126 таси мавжудлиги таъкидланади.
Найзасимон иншоотларнинг Туркманистон ҳудудида ҳам мавжудлигини илмий манбалар далиллайди.
Шундай экан, Устюртдаги сирли суратларнинг аниқ сони қанча эканлигини айтиш қийин. Сабаби, биз 2017 йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг ташаббуси билан ташкил қилган медиатур олдидан Оролга туристларни олиб-бориш билан шуғулланадиган тадбиркор Тазабай Утеулиев билан бирга Google Earth дастури ёрдамида координацияларни белгилаш пайтида Дувона бурунига 20 километр жанубда, 21-сонли радиорелейли станциянинг ғарбий-шарқидаги чинкга қараб чўзилган, аввал илм-фанга ноъмалум яна 3 та объектнинг мавжуд эканлигини аниқлашга муяссар бўлгандик. Аҳамиятли томони шуки, мазкур топилган объектлар олдин ҳеч бир илмий тадқиқотларда эътиборга олинмаган ва бу найзасимон иншоотлар ҳажми жиҳатдан бошқа объектларга нисбатан анча кичик.
Олимлар ва шахсий қизиқувчилар Интернет тармоғидаги шундай дастурлар ёрдамида ёки махсус ҳаво транспорти ва мосламалар (дрон) ёрдамида фанга номаълум яна бошқаларини топиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Найзасимон иншоотларнинг ёши нечада?
В.Ягодин найзасимон қурилмаларнинг қурилиши ва фойдаланиш даврини қуйидаги даврларга бўлади:
1. Милоддан аввалги I минг йилликнинг иккинчи ярими (мил. авв. V-II асрлар) – текисликда дафн қилиш маданияти даври. Бу даврга тегишли эсдаликлар Каспий атрофи, Узбой, Устюртнинг барча ҳудуди ва Манқишлоқ ўлкаси бўйлаб тарқалган. Шу маданият Устюрт ва унга яқин ҳудудлар бўйлаб мол чорвачилиги билан шуғулланадиган кўчманчи қабилаларга тегишлидир. Кўчманчилар бу ерларни яйлов ва қишлов сифатида фойдаланган. Бу давр, юнон тарихчиси Страбоннинг таъбири билан айтганда, буюк текислик эгалари бўлган массагетлар даври ҳисобланади.
2) Милодий III-IV асри – Сармат-Алан даври.
Дувона бурунидаги найзасимон иншоотларнинг ёши юқоридаги ўша икки даврга тўғри келади.
3) VII давр бошлари IX давр – Жетиасар-Кердер даври. Бу даврга тегишли эсдаликлар Устюртда кенг тарқалган.
4) IX-XI даврлар – Ўғузлар даври.
5) XII-XVI даврлар – Туркман-Қипчоқ даври.
IX-XI ва XII-XIV асрлардаги даврга асосан Айбуйир-Сариқамиш, Кендирлисор гуруҳидаги эсдаликлар киради.
Бу иншоотлардан нима мақсадда фойдаланилган?
Устюртдаги найзасимон иншоотларнинг нима мақсадда фойдаланилганлиги бўйича аниқ маълумотларни тарихий ёзма манбалардангина билиб олиш мумкин. Сабаби, бу иншоотлардан фойдаланиб ов қилган овчиларнинг ўзи ХХ асрда қолмаган эди.
В.Ягодин ҳам илмий тадқиқот ишларида асосан 1825-1826 йилларда Орол-Каспий оралиғидаги қирғиз (қозоқ-қорақалпоқ-Е.Қ.) ерларига уюштирилган Ф.Ф.Берг бошчилигидаги Рус илмий экспедицияси материалларига асосланади.
Ушбу экспедиция таркиби аъзолари В.Д.Вольховский ва А.О.Дюгамел томонидан тузилган топографик журналда шундай қизиқарли фактлар келтирилган: «Бу жойда (Устюртда – Е.Қ.) ажойиб ёввойи ҳайвонлардан қулонлар, тарпанлар (ёввойи отлар) ва сайғоқлар бор. Сайғоқларни тош билан қуршалган қўрага ҳайдаб киргизиб, у ерда теран қилиб қазилган чуқурга тушириб ушлайди».
Мазкур экспедиция таркибида бўлган олим Эдуард Эверсман бироз қизиқарли ва муҳим маълумотларни ёзиб қолдиради: «Антилопалар билан сайғоқларни тутиш учун Устюртда қирғизларнинг (қозоқ ва қорақалпоқларнинг – Е.Қ.) тош девор билан қуршалган, узунлиги 300-400 одим, маҳаллий ҳолат бўйича кенгроқ ёки торроқ, баландлиги 3-4 фут, кичкина туйнук мавжуд; унинг ёнида сакраб чиқиб кета олмайдиган тош билан қуршалган теран чуқур бор. Овга чиққан қирғиз (қозоқ ёки қорақалпоқ – Е.Қ.) атрофдаги 10-15 чақирим жойга кетади ва маралнинг овозига ухшатиб сас чиқариб, ҳамма сайғоқларни эртиб олиб келади. Шу тариқа у сайғоқларни туйнукдан катта қўрага киргизади, сўнг бошқа чуқурга ўтиб овоз беришни давом этади; ҳаракат бошлангандан буён индамай яшириниб ётган бошқа қирғиз (қозоқ-қорақалпоқ – Е.Қ.) эса туйнукдан киради ва баланд овозда ҳайқиради. Ҳуркак ҳайвонлар кутилмаган сасдан бирдан қўрқиб кетиб, қутилиш анжомида чуқурга сакрайди ва шу жойда тутилади».
Тарихий маълумотлардан маълум, мазкур экспедиция айнан Дувона бурунига келган. Шу йилда қишнинг қаттиқ келиши экспедициянинг изга қайтишига мажбур қилган. Устюртнинг изғирин, қаҳрли совуғида экспедициянинг кўп аъзолари 1500 от-туяси билан қирилиб қолади.
Демак, найзасимон иншоотлар Устюртда истиқомат қилувчи халқлар томонидан ХΙХ асргача қўлланиб келинган.
В.Ягодин ўзининг «Стреловидная планировка Устюрта» (Ташкент: 1991) илмий асарида Устюртда яшовчи айрим эскининг кўзини кўрган қариялар ота-боболарининг шундай усул билан ов қилганлиги ҳақида эслаганини ёзади. Информаторларнинг таъкидлашича, бу иншоот номи «аран» экан. Араннинг думалоқ чуқури бурчакларига учли қилиб кесилган қамиш қотирилган. Араннинг атрофида бир неча махсус чуқурлар бўлган. Бу чуқурларда овчилар яширинган. Овга 30-40 отлиқ овчилар қатнашган. Ҳайвонлар араннинг ичига алданиб кириб қолади ва шу ерда ушланади. Ов қилиш куз мавсумида ўтказилган.
Олимнинг фикрича, «Аран» сўзи қорақалпоқларнинг Кенегес арисидаги аранчи уруғи билан боғлиқ. Аранчи Кенегеслар ўз даврида овчи қабила бўлиб, яъни аран қуриш орқали ов қилган бўлиши мумкин.
Бердақнинг «Шежире» асарида эса:
Чўлларда кезар жайрани,
Жайранга қурган арани,
деган сатрлар араннинг ов қилиш иншооти эканлигини янада тасдиқлайди. Шунингдек, қорақалпоқ достонларида «Оғзини арандек очади», «Оғзи арандек очилган» каби қиёслашлар ҳам учрашади.
Аран – эски туркий сўз бўлиб, Махмуд Қашғарийнинг «Девони луғат-ит турк» асарида ҳам бор, яъни, мол қўра, от қўра маъносини англатади.
ХVΙΙΙ асрнинг белгили тарихчиси Абулғази Баҳодир хон «Туркманлар шажараси» асарида туркманнинг қора-ўйли ва эрсари қабилалари ўртасидаги келишув ҳақида қизиқарли маълумотларни келтиради: «Шу пайт қора-ўйли гадо бўлди. Шу сабабга кўра уларнинг ҳаммаси Халилнинг бошчилигида эрсари қабиласининг атоқли одамларига борди ва шундай деди: «Биз сизларнинг хизматчиларингиз бўлдик. Биз ниҳоятда оч бўлдик ва озиб-тўздик. Бизнинг илтимосимиз қуйидагича: Агар сиз бизга қуш ва Катта Балхандан ва Кичик Балхандан экин ўстириш учун яроқли сув берсангиз, сизга ҳар йили хоҳлаган нарсангизни берамиз…» Эрсарининг энг яхши одамлари йиғилиб, жавоб берди: «Бизнинг бобомиз Эрсари бий сотиб олган Катта Балханда 6 та оқар сув кўзи бор, лочиннинг 10 та уяси, қарчиғайнинг 18 та уяси бор, Кичик Балханда эса — лочиннинг 4 та, қарчиғайнинг 6та уяси бор. Шу сув кўзидан фойдаланиб қанча дон олсангиз ҳам, ярмини бизга берасиз. Яна аран қуриш учун икки минг қамиш берасиз».
Аранни кўчманчи халқларнинг ов қилиш учун қурганлигини ушбу манбалар янада тасдиқлайди.
Тарих сирлари сайёҳлик ривожи учун хизмат қилсин
Устюрт узоқ асрлар давомида сак-массагетлар, сарматлар ва мўғулларнинг, ҳаттоки улардан ҳам қадимий халқларнинг тамаддунлари туташган макон саналади. Неча асрлар бўйи бепоён кенгликлардан буюк карвонлар ўтган. Устюртдаги эски карвон йўллари Шарқ билан Ғарбни туташтирувчи транзит хизматини бажарган. Платодан ўтган карвонлар Хоразмдан Қуйи Волгабўйи ва Жанубий-ғарбий Европа давлатларига ҳамда у томонлардан бермон товарлар ташиган. Шундай қилиб маданий, савдо-иқтисодий алоқалар ривожланган.
Аранларда минглаб ушланган туёқли ёввойи ҳайвонларнинг гўшти, териси, шохлари товар алмашиш вазифасини ўтаб, Буюк Устюрт устидан ўтган ушбу савдо йўллари орқали Хива, Бухоро, Самарқандга, ҳаттоки Хитойгача жўнатилиб турган.
2017 йилнинг сентябрь ойида Дувона бурунига уюштирилган медиатурнинг асосий мақсади – ушбу аранларни дрон ускунаси ёрдамида тасвирга олиб, туризмни ривожлантириш мақсадида кенг оммага тарғиб қилиш эди.
Устюртда бу каби ажабланарли эсдаликлар борлигини бугунги кунда биров билса, биров билмайди. Ўтган асрнинг 80 йилларида оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида кенг ёритилган бўлса ҳам, энди уни ҳозирги янги авлод вакилларига таништириш зарур. Кўпчилик ҳолларда шунга ухшаш ажойиб илмий янгиликлар фақат олимларнинг илмий асарларидагина қолиб кетмоқда. Ундан фақат чекланган тор доирадаги одамларгина бохабар бўлади, тамом вассалом. Афсуски, бундай илмий янгиликлар илмий-оммабоп тилда талабга монанд ташвиқ қилинмаябти…
Дарҳақиқат, Перудаги Наска суратларига ўхшаш, 2500 йиллик тарихга эга бу каби сирли иншоотлар кимни бўлса ҳам чексиз таъсирларга кўмиб ташлаши аниқ.
Яқинда ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими ходими, олим Юсуп Камалов дельтаплан ёрдамида ушу найзасимон объектларга саёҳат этишни таклиф қилганди. Қўллаб-қувватлашга турарлик ташаббус. Орол акваторияси, Устюрт платоси ғоят ажабланарли манзараларга тўла. Минглаб йиллар давомида ота-боболаримиз, қадимий кўчманчилар қолдирган из билан саёҳат қилиш эса ундан ҳам завқлидир.
Платонинг деярли барча жойларида қадимий мақбара ва қабристонларни учратиш мумкин. Хусусан, Устюрт чинкларини ёқалаб юрган йўловчи ҳар бир қадамда тепаликка қўйилган кўчманчилар қабристонларига дуч келади. Уларда марҳумларга қўйилган қулфитошлар, тошга битилган тамғалар ҳанузгача яхши сақланган.
Бу ҳудудни тарихий қўриқхона дейиш ҳам мумкин. Устюртнинг энг эътиборли жойлари – унинг археологик мерослари. Устюртда ҳозирги кунда ҳам Пулжай, Белеули, Алан, Давкескен ва шу каби қадимий ва ўрта асрларга тегишли карвон сарайлар, қалъа-қўрғонлар сақланиб қолган. Инсоният оёғи етиши анча мушкул бўлгани боис, бу эсдаликларнинг аксарияти ҳанузгача тўлалигича тадқиқ қилинмаган.
Бетакрор эсдаликлари билан тарих сирларини ичига сақлаётган Дувона буруни эса сайёҳларни кутмоқда.
Тан олиш керак, Дувона бурунига бир борган киши Марс сайёрасига тушиб қолгандек ҳис қилади ўзини. Демак, Устюртдаги найзасимон бу иншоотлар сайёҳликни ривожлантириш соҳасида ечимини кутаётган аҳамиятли масалалардан саналади.
Юқорида қайд этган Перудаги Наска суратлари ЮНЕСКОнинг маданий мерослари рўйхатига киритилган ва бу эсдаликларни томоша қилиш учун ҳар йили минг-минглаб туристлар оқилади. Устюрт аранларининг бу эсдалик-суратлардан ҳеч кам жойи йўқ. Биз ҳам мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштирсак нур устига аъло нур бўларди.
Есимқан Қанаатов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори
ЎзА