ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
16:44 / 10.11.2021

10 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар Савдо-саноат палатаси Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди.

Тадбирда Туркий тилли давлатлар Савдо-саноат палаталари, Туркия савдо палаталари ва товар биржалари раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғли, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, шунингдек, туркий тилли давлатларнинг Савдо-саноат палаталари раислари иштирок этди.

Тадбирда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бош Ассамблея йиғилишида Туркий тилли давлатлар Савдо-саноат палатаси, Туркия савдо палаталари ва товар биржалари раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғли сўзга чиқиб, халқаро масалалар бўйича иштирокчи мамлакатлар позицияларининг яқинлиги стратегик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Б.Амреев ўз нутқида аъзо мамлакатлар амалга ошираётган ишларга алоҳида урғу берди. Бунинг натижасида Туркий давлатлар Савдо-саноат палатаси аъзолари ўзларини бизнес ҳамкорлигининг мувофиқлаштирувчи механизми сифатида тавсия этаётганини қайд этди.

Тадбирда иштирокчи давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ССП раислари ҳам маъруза қилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов пандемия билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши мамлакатларининг Савдо-саноат палаталари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича фаол ишларни давом эттираётганини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон томони ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида экспорт қилувчи компанияларга божхона имтиёзлари бериш, Туркий кенгаш мамлакатлари ўртасидаги савдо тартибларини соддалаштириш орқали ташқи бозорларга чиқиш учун зарур шарт-шароитларни яратишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Адҳам Икромов ҳамкор мамлакатлар Савдо-саноат палаталари ва бизнес тузилмаларининг ролини оширадиган савдо-иқтисодий, молиявий ва техникавий, транспорт-коммуникация ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, мамлакатлар корхоналари ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал этишда тезкор ва самарали ёрдам кўрсатиш учун халқаро арбитраж институтидан фойдаланиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, таълим соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тадбир иштирокчилари Туркия Иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент филиалини ташкил этиш бўйича муваффақиятли қўшма лойиҳа амалга оширилгани тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Айни дақиқаларда Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар Савдо-саноат палаталари бизнес форуми бошланди.

 

Матназар Элмуродов тайёрлади, ЎзА