Идора ва ташкилотларга борганда беҳуда қоғозбозликлардан азият чекканмисиз? Ҳа, дейишингиз турган гап. Чунки қўлингизда фуқаролик паспорти, унда қаерда яшашингиз ҳақида маълумот акс этган бўлса-да, яшаш жойингиздан “справка” олиб келинг, демайдиган идорани кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмасди. 

 
Лекин бугун ҳаёт, замон ўзгармоқда. Шу йил 9 январда расмий эълон қилинган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан ортиқча қоғозбозликлар барҳам топмоқда.
Қонунда тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади, деб белгилаб қўйилгани шунга замин яратади.
Айрим ҳолларда ҳаётимизда шундай ҳолатлар ҳам кузатиладики, мутасадди органларга тақдим этган ҳужжатларни қонунда белгиланмаган бўлса-да, қаердандир қўшимча тасдиқлатиб келиш талаби қўйилади. Бу эса одамларнинг сарсон бўлишига олиб келгани сир эмас.
Бундай ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик мақсадида тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш чораларини кўриши қонунда мустаҳкамланди.
Яъни асоссиз гумонлар асосида шахсни овора қилишга энди чек қўйилади. Ким шубҳаланса, ўз ҳисобидан мурожаат қилувчини овора қилмасдан текшириш чораларини кўради.
Қонунда тақдим этилган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилиниши ҳам таъбир жоиз бўлса инқилобий янгиликдир. Чунки инсон манфаатлари унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар, бошқаларнинг хато ва камчиликлари туфайли азият чекмаслиги лозим.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги янги қонунда яна қандай меъёрлар акс этган? Бу ҳақдаги батафсил шарҳ билан сайтимизда танишасиз.  

 

Норгул Абдураимова, ЎзА