Республика Маънавият ва маърифат марказида “Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасида” номли китоб тақдимоти ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ректорлари, тарихчи, файласуф, адабиётшунос, иқтисодчи олимлар, Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари, журналистлар иштирокидаги тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов олиб борди.

Тақдимоти ўтказилаётган китоб иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда академик, биология фанлари доктори, профессор Баҳриддин Зарипов ҳаммуаллифлигида ёзилган.

Мазкур асар мамлакатимизда янги ривожланиш босқичига кўтарилиш борасида белгилаб олинган Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли ҳақида тўлиқ ва мукаммал тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Китобда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, ривожланишнинг янги босқичида қўлга киритилаётган муваффақиятлар ҳақида сўз юритилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси ва Учинчи Ренессанс асосини яратиш борасидаги ташаббуси бугун реалликка кўча бошлагани, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграётгани, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантираётгани таъкидланади.

Шу билан бирга, юртимиз замин тарихида иккита буюк Уйғониш даврига бешик бўлгани, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб бергани маҳорат билан қаламга олинган. Айниқса, Учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор ва янги тамаддун асослари аниқ далиллар асосида очиб берилган.

Асар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, барча таълим муассасалари, хусусан, олий ўқув юртлари, ташкилот ва идоралар, ҳар бир хонадонга кириб бориши мақсадга мувофиқдир. Зотан, қайси замонда бўлмасин, буюк эврилишлар, ўзгариш ва янгиланишлар, аввало, халқнинг қудрати, салоҳияти ва кучига таянади.

Тадбирда китоб муаллифлари китобнинг ёзилиш тарихи ҳақида сўзлаб  берди. Йиғилганларга китоблар тақдим этилди.

 

Д.Маматова, ЎзА