Юрак қон-томир касалликларнинг асосий сабабларидан бири бу – соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик ҳисобланади.

Мисол учун, агар 40 ёшдан ошганлар кунига 7-8 минг қадам юрса, юрак қон-томир касалликларига чалиниш 20 фоизга камайиши, нуфузли халқаро илмий ташкилотлар томонидан исботланган.

Энди соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш учун ҳар йили энг намунали маҳаллалар танлаб олиниб, уларда замонавий фитнес кўчалари барпо этилади.

Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Вилоят ҳокимларига 2 тадан, туман ва шаҳар ҳокимларига 1 тадан худди шу каби намунали маҳаллани ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, келаси йил 1 сентябрга қадар “тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналарини ташкил этиб, беморларни 35 турдаги кўрсатма материаллар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Бу ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади.

Шунингдек, “Соғлом турмуш тарзи” платформасидан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етди, уларга ҳар 10 минг қадам юргани учун 18 миллиард сўм тўлаб берилган.

Президент молия вазири Т.Ишметовга келгуси йилда пиёда юриш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 миллиард сўм ажратиш бўйича топшириқ берди.

 

ЎзА