Айни пайтда Президент раислигида тиббиётдаги долзарб вазифалар бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари қайд этишича, юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича Дастур асосида мутлақо янги тизим жорий қилинади.

Энг аввало, бу борада бирламчи бўғинда аҳоли билан бевосита маҳаллада ишлайдиган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар ролини тубдан ошириш лозим.

Юрак-қон томир касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида:

– келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали, йилига камида бир марта манзилли скирингдан ўтказилади;

– туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади;

– юрак-қон томир касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади;

– юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади;

– туман ҳокимлари ҳар бир маҳаллада “гипертония саломатлик мактаблари”ни ташкил этади.

Умуман, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 миллиард сўм берилади. Бу – жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп дегани.

Шу билан бирга, 14 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари ва оилавий шифокорларни юрак касалликларини барвақт аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш зарур.

Президент МТРК раиси Алишер Хўжаев ва АОКА бош директори Асад Хўжаев, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоевга юрак-қон томир касалликларини олдини олиш бўйича соғлом турмуш муҳитини яратиш, бу борада огоҳликка чақирувчи роликлар, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш, газеталарда мақолалар чоп этиш, буклетларни ҳар бир хонадон, маҳалла ва ташкилотга етказиб бериш бўйича топшириқлар берди.

 

ЎзА