Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида яна бир бор коррупция масаласига тўхталди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилгани таъкидланди.

Шу мақсадда, Сенат Раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иш олиб бормоқда.

Бундан буён ҳам, ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситалари сафарбар этилади.

Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарурлиги қайд этилди. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатлари, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади.

– Ҳаммамиз яхши тушунамизки, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунинг учун, фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши керак, – деди Президент.

Қўшма мажлис давом этмоқда.

 

ЎзА