Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Россия Қурилиш вазирлиги келишувига асосан қурилиш соҳасида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа доирасида 10 минг юртдошимизни яқин вақт давомида соддалаштирилган тартибда ишга юбориш белгиланган.

Бугун, 2 ноябрь куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан Нукус шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Россия Федерациясининг «СтройКрафт» ва «Ренейссанс Хэви Индастрис» компанияларидаги вентиляция тизимини ўрнатиш, чилангар, электр пайвандчи, электрик, безакчи, ёрдамчи ишчи ва сантехник каби йўналишларда бўш иш ўринлари бўйича танлов ўтказилмоқда.

Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳаси доирасида ташкил этилган танловда хорижга чиқиш паспортиги эга номзодлар касбий малака ва тил билиш даражасига кўра суҳбат асосида иш берувчи вакиллари томонидан танлаб олинмоқда.

Танловдан муваффақиятли ўтиб, тиббий кўрик натижалари ижобий чиққан фуқаролар ушбу давлатга ишлаш учун жўнатилади.

Шунингдек, Россиянинг бошқа корхоналари учун ҳам танловлар ташкил этилиши режалаштирилган.