Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида 2 минг 500 гектар майдонга аччиқ қалампир экиш режалаштирилмоқда. Унинг 1 минг 890 гектари фермер хўжаликлари ерига, 610 гектари аҳоли томорқасига экилади.
Тўрткўл тумани ҳокимлигида аччиқ қалампир етиштириш, унинг технологияси ва афзалликларига бағишлаб ўтказилган ҳудудий семинарда шу ҳақида маълум қилинди.
Мутахассислар аччиқ қалампир мўл даромад манбаи эканини таъкидлашмоқда. Аччиқ қалампир витаминга жуда бой полиз экинидир. Ер сайёрасининг иссиқ ва тропик иқлимли мамлакатларида у таъм берувчи экин сифатида етиштирилади. Ўсиб ривожланиш даврининг қанча давом этишига қараб у эртапишар, ўртапишар ва кечпишар навларга бўлинади.
Тадбирда ўсимликнинг биологик хусусиятлари, унинг иқлимлаштирилган навлари, тухумини экишга тайёрлаш, кўчат етиштириш, экиш агротехникаси, юқори ҳосил олишда қўлланиладиган профилактик тадбирлар, ҳосилни йиғиб олиш усуллари ҳақида тавсиялар берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида озиқ-овқат саноати соҳасида амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар, шунингдек, томорқа ерлардан самарали фойдаланиш дастури лойиҳаси билан танишиб, уларни янада такомиллаштириш ва ўз вақтида амалга ошириш юзасидан топшириқлар берган эди. Жумладан, бугунги кунда жаҳон бозорида талаб ортиб бораётган аччиқ қалампир экиш, уни етиштириш ва экспорт қилиш бўйича вазифалар белгилаб берган эди.
Тадбирда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманларининг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутахассислари, фермерлер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари иштирок этди.