Бугун, 29 октябрь куни Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ташриф буюрди.
Элчи Дэниел Розенблюм институтда АҚШ элчихонаси билан ҳамкорликда 2016 йилдан буён фаолият олиб бораётган «ACCESS» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар билан танишди.
Институт базасида фаолият юритаётган «ACCESS» дастури 2016-2018 йилларда мактаб ўқувчилари учун, 2018-2020 йилларда институтнинг нофилологик таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалари учун «STEM» дастури, 2020 йилдан 2022 йилгача умумтаълим мактабларининг 8-9-синф ўқувчиларига дарслар ташкиллаштириш орқали амалга оширилмоқда.
АҚШ элчиси институтда «ACCESS» дастури доирасида ўқитилаётган ўқувчидар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди. Дастур доирасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди ҳамда йил якунлари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган икки нафар ўқувчини Америка Қўшма Штатларига бир ойлик ёзги оромгоҳга юбориш борасида таклиф билдирди.
Учрашувда институт ректори Б.Отемуратов талабалар ҳамда хоҳловчилар учун хорижий тилларни ўрганиш бўйича яратилган шароитлар, амлага оширилаётган ишлар, шунингдек, халқаро ҳамкорлик натижалари тўғрисида маълумотлар берди.
Элши Дэниел Розенблюм Қорақалпоғистонга биринчи ташрифи эканлиги, бу ерда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси юқори даражада эканлигига гувоҳ бўлаётганлигини таъкидлади.
АҚШ элчисининг юртимизга сафари давом этмоқда.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
Муаллиф олган расмлар.