Ўзбекистонга Корея суд тизими вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Корея Республикаси Олий суди раиси Ким Мён Су бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов қабул қилди.

К.Комилов меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.

Учрашув давомида томонлар суд тизимини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг роли ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ҳамда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, турли судлов институтлари фаолиятини такомиллаштириш, судьяларни тайёрлаш ва судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, мулоқот мобайнида давлатларимиз Олий судлари мунтазам равишда ҳуқуқий ахборот алмашишни амалга ошириш ва ўзаро манфаатларни ифодаловчи бошқа масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишиб олди.

Томонлар ўзаро алоқалар, ҳамкорлик, мунтазам фикр алмашув ўрнатилиши суд ҳокимияти органлари барқарор ривожланиши ва фаолият юритишининг ҳаракатга келтирувчи омиллар эканлигини чуқур англаган ҳолда конструктив ва ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик кенгайтирилиши тарафдори эканлигини билдирди.

Учрашув якунида мамлакатларимиз Олий судларининг ўзаро манфаатларини ифодаловчи соҳалардаги ҳамкорлик ва алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берадиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Корея Республикаси Олий суди ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Корея делегацияси вакиллари судлар фаолияти билан танишиши, Судьялар олий кенгаши,  Конституциявий судда учрашув ўтказиши кутилмоқда.

 

 Н.Абдураимова, ЎзА