Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига Буюк Британия парламентининг юқори палатаси (Лордлар палатаси) аъзоси Баронесса Елисон Сатти ҳамда Глобал ҳамкорлик бошқаруви дастури раҳбари Зафран Иқбал ташриф буюрди.

Учрашувда ёшлар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишга эътибор қаратилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев, директор ўринбосарлари Фаррух Омонов ва Дилнозахон Каттахонова иштирок этди.

Мулоқот аввалида Баронесса Сатти Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари борасида тўхталиб, ушбу сиёсий тадбир юқори даражада ташкил этилганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Буюк Британия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис қошида ташкил этилган Ёшлар парламентлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Глобал ҳамколик бошқаруви лойиҳаси доирасида бир нечта лойиҳаларни амалга ошириш масалалари жуда муҳим эканлиги қайд этилди.

Учрашув давомида Ёшлар ишлари агенлиги директори Aлишер Саъдуллаев Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Мулоқот давомида икки томон ёшларнинг сифатли таълим олиши, касбий таълимни ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, турли соҳаларда ёшларга яратилаётган имкониятлар, ёшлар муаммоларини аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар ва тадқиқотлар, хотин-қизларнинг таълим олиши ҳамда касбий кўникмага эга бўлиши каби масалалар бўйича ўзаро фикр алмашишди.

Баронесса Сатти ўз нутқи якунида Ёшлар ишлари агентлиги вакилларини Буюк Британияга таклиф этиб, уларнинг тажрибалари ҳамда ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифини илгари сурди. Ўз навбатида, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан келажакда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган таклифлар билдирилди.

 

Муҳтарама КОМИЛОВА, ЎзА