Мамлакатимизда ўтказиладиган муҳим сиёсий тадбирни кузатиш учун Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган халқаро кузатувчилар 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси аъзолари билан учрашди.

Учрашувда Италия, Белгия, Польша, АҚШ, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган кузатувчиларга 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов Оролбӯйида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари ва бугунги кунда амалага оширилаётган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида  656 та сайлов участкаси ташкил этилиб, 8 минг 386 нафар сайлов участкалари аъзоси тасдиқлангани ҳақида таништириб ўтди.

Кузатувчилар Қорақалпоғистонда қанча ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтганига қизиқди. Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган 71 нафар ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилганлиги ва сиёсий жараёнларни ёритишда фаол иштирок этаётгани айтилди.

– Ҳозиргина 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси билан суҳбатлашдик,– дейди ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан халқаро кузатувчи Йоахим Кецлер. – Округ раиси ҳудудда сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди. Биз, сайлов округида комиссия аъзолари ҳамда Матбуот марказида маҳаллий ва хорижий журналистлар учун яратилган шароитлар билан танишдик.

Сайлов жараёнларини кузатиш ва ёритиш учун халқаро кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасига келиши давом этмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА