Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасида барпо этилган Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркини бориб кўрди.

Унда учта тизим – таълим, фан ва ишлаб чиқариш уйғунлаштирилган. Бу ерда талабалар илғор техникаларни кўриб, ишлатиб, «кўзи пишади». Чизмалардан тайёр маҳсулот ясашгача бўлган жараён билан амалда танишиб, малакали мутахассис бўлиб етишади. Мухтасар айтганда, ушбу технопарк “ғоялар генератори” бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Уч қаватли бино робототехника, энергетика, электротехника ва биотехнология бўйича илғор ускуналар билан жиҳозланган. Биринчи қаватда пайвандлаш, электроэрозия, ёғоч ва пластмассага ишлов бериш, стартап хоналари ва лабораториялар жойлашган. Юқори қаватлардан ўқув ва коворкинг хоналари, робототехника, стандартлаштириш, спорт заллари, маъмурият, кутубхона, офислар ўрин олган.

Давлатимиз раҳбари технопаркда бошқарув компанияси ташкил қилиб, маҳсулотларни сотишни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

– Беш йил олдин бундай марказларга, лабораторияларга келадиган ёшлар кам эди. Борларининг ҳам даромади етишмасди. Чунки илмга пул йўқ эди. Энди бу шароитдан, ускуналардан фойдаланиб, ёшларни бозорбоп маҳсулотлар тайёрлаш ва сотишга ўргатиш керак. Улар манфаат кўрса, руҳ пайдо бўлади, ўзини шу соҳага бағишлайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Техника йўналишидаги олий ўқув юртлари талабаларини кўпроқ жалб этиб, амалий сабоқларини шу ерда ўтиш, ўқув дастурларини илғор технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Инновацион технопаркда талабаларнинг амалиёт ўташи бепул, резидентлар учун солиқ имтиёзлари жорий этилган. Биологик тажрибалар учун иссиқхона барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари биотехнология лабораториясида амалга оширилган лойиҳалар билан танишди. Резидентлар томонидан ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тарғиб қилиш, уларни ва яна шундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Президент талабалар ва ёш олимлар билан суҳбатлашди. Шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам мулоқот бўлди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Сергели туманларида қурилган янги йўлни кўздан кечирди.

Пойтахтимиз ҳам иқтисодиёт, ҳам нуфус жиҳатидан ўсиб бормоқда. Сўнгги йилларда шахсий автомобиллар 2-3 баробар кўпайиб, шаҳар кўчаларида бир кунда 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланмоқда. Яна ярим миллиондан зиёд одам кунига пойтахтимизга келиб кетади. Шу боис йўл инфратузилмаси ҳаёт талабига мос равишда ривожлантириб борилмоқда.

Сергели билан Яккасарой туманини боғлайдиган қўшимча йўл жуда керак эди. Бу лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Чўпонота кўчасидан Тошкент ҳалқа йўлигача қарийб 2 километрлик трасса қуриб битказилган. Унинг Кичик ҳалқа йўли устидан ўтган қисмида 788 метрлик кўприк ва Тошкент ҳалқа йўлига туташган жойида иккита 207 метрлик йўл ўтказгич барпо этилган.

Мазкур транспорт иншоотлари бугундан очилди.

Ушбу янги йўл ва кўприклар муҳандислик ечимига кўра жуда қулай. Биринчидан, мазкур янги кўча Тошкентнинг энг йирик транспорт артериялари – кичик ва катта ҳалқа йўллари билан кесишади. Иккинчидан, транспортларнинг янги кўприкка чиқиши ҳам, ундан тушиши қулай. Ҳеч қандай светофор ёки қайрилиб олишсиз, бошқаларга халақит бермаган ҳолда кейинги йўналишга қўшилиб кетиш мумкин.

Айни пайтда лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида жадал иш олиб борилмоқда. Тошкент ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган 4 километрдан зиёд йўл қурилмоқда.

Умуман, 6 қаторли мазкур йўл ва кўприклар соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қувватига эга бўлади. Шу тариқа, Сергели туманидан шаҳар марказига етиб бориш вақти олдинги 40-50 дақиқа ўрнига 20 дақиқани ташкил қилади. Янги Сергели кўчасидаги тирбандлик икки бараварга қисқаради.

Шу ерда йўлсозлик, ободонлаштириш ва коммунал соҳаларда қўлланиладиган махсус техникалар намойиш этилди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

ЎзА мухбирлари