Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви давом этмоқда.

–Қанча қурилиш керак бўлса, қилиб берамиз, лекин мени безовта қилаётган асосий масала, бу – пойтахт мактабларидаги таълим сифати ва болаларимиз тарбияси. Мисол учун, Олмазор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Бектемир туманларида олийгоҳларга кириш даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан паст. Айниқса, Шайхонтоҳурда 5 та ва Олмазорда 4 та мактаб битирувчиларининг бор-йўғи 5-6 фоизи олийгоҳларга кира олган,– деди Шавкат Мирзиёев. –Шу билан бирга, пойтахт мактабларида ўқувчиларга касб-ҳунар бериш ишлари ҳали тизимли йўлга қўйилгани йўқ. Бундан ташқари, 23 минг нафар педагогнинг ярмидан кўпи малака тоифасига эга эмас.

Пойтахтда таълим сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент тажрибаси яратилиши маълум қилинди.

Бунда:

– ҳар бир туманга хориждан малакали мутахассислар жалб қилиниб,  “Илғор таълим” педагогларни ўқитиш маркази ташкил қилинади;

– энг замонавий методикалар ва дастурлар асосида 23 мингдан зиёд педагогларнинг малакаси оширилади;

– барча чет тиллари ва Ай-Ти ўқитувчилари келгуси уч йилда халқаро сертификатлар оладилар.

Умуман, ўқувчилар мактабни камида битта касб-ҳунарни эгаллаган ҳолда тамомлашлари шарт. Шу мақсадда мактабларда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашадиган алоҳида лавозим киритилади.

Улар касбга ўргатишнинг янги тизими асосида 9-11 синф ўқувчиларини турли корхоналарда 3 ой давомида иш ўрганишини ташкиллаштиради. Бунда касб ўрганаётган ўқувчиларга иш ҳақи давлат томонидан тўланади.

Бугунги кунда энг долзарб масала – бу бола тарбияси. Шу боис ўқувчиларнинг кун давомида вақтини мазмунли ўтказишни назарда тутувчи алоҳида ўқув ва тўгараклар дастури ишлаб чиқилади.

Бу масалада ота-оналар билан мактаб ўртасида  “ўзаро мажбуриятлар шартномаси” тузилади. Энди ота-она боланинг таълим-тарбияси учун нимага жавоб беради-ю, муаллимлар қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олади, буларнинг ҳаммаси аниқ-аниқ белгиланади.

Ҳар бир мактаб атрофида жойлашган маҳалла, олийгоҳ ва корхона вакилларидан иборат  “зиёлилар гуруҳлари”нинг иши фаоллаштирилади.