“Тошкент – бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри” дастурини амалга ошириш орқали келгуси беш йил ичида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 200 триллион сўмга етказилиб, қарийб 2 баробарга ўсиши таъминланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида маълум қилинди.

–Келажакда Тошкент шаҳрини илғор инновацион ва инвестицион ҳудудга айлантирамиз. Жумладан, шаҳарда жойлашган оғир саноат корхоналари пойтахт ташқарисига босқичма-босқич кўчирилади, шаҳарда эса юқори технологияли инновацион тармоқлар – электроника ва электротехника, Ай-Ти инжиниринг, биотехнология корхоналари жойлашади,– деди Шавкат Мирзиёев.

“Ўзэкспомарказ” ҳудудида Тошкент халқаро молиявий маркази барпо этилади ва унда фаолият юритадиган халқаро банклар, молиявий институтлар, юридик, консалтинг ва инвестицион компанияларга қулай шароитлар яратилади. Ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз учун инвестициялар хабига айланади. Шаҳар учун алоҳида Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази очилади.

Шунингдек, кадрлар захирасини яратиш мақсадида “таълим – илм – тадқиқот” тамойили асосида ҳар бир олийгоҳ ўқув дастурларини “яшил” ва “рақамли” иқтисодиётга йўналтириш учун трасформация қилинади.

Ушбу тизимнинг ўзаги Янги Ўзбекистон университети бўлади.

Ҳар бир туманда Инновация ва технология маркази ҳамда “лойиҳа гуруҳлари” ташкил этилиб, уларда давлат-хусусий шериклик асосида алоҳида технопарк ва Ай-Ти мактаби фаолият юритади.

Истиқболли лойиҳаларга Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси 30 фоиз улуш билан киради ва бунга 200 миллион доллар ажратилади.

Янги ташкил этиладиган Ўзбекистон тараққиёт банки томонидан Тошкент шаҳри тадбиркорларига қулай шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш учун 1 миллиард доллар ресурслар тижорат банклари орқали эмас, балки тўғридан-тўғри йўналтирилади.

 

 ЎзА