Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви давом этмоқда.

–Пойтахт аҳолиси ва уларнинг даромадлари ошгани ҳисобига сўнгги йилларда шахсий автотранспортлар 2-3 баробар кўпайиб, кунига шаҳар кўчаларида 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланмоқда. Бу тирбандликларни келтириб чиқариш билан бирга, экология, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. – Лекин, пойтахтнинг жамоат транспорти ва йўл инфратузилмаси бу муаммоларга ҳали муносиб жавоб қайтара олмаяпти. Шаҳарда ер ости ва ер усти пиёда ўтиш йўлаклари, автотураргоҳлар етишмайди.

Шунингдек, пойтахтда 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст.

Жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда. Масалан, бугунги кунда 80 та йўналишдаги автобусларнинг интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечиккани, аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, келгуси беш йилда шаҳарда ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинади.

Бунда:

– ер усти транспорти ва метро йўналишлари кесишувида 16 та йирик автостанциялар;

– Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар;

– марказий кўчаларда 40 минг автомобиллар учун, 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар;

– тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар қурилади;

– ер усти ҳалқа метрополитени йўлининг 7 та бекатдан иборат 13 километр узунликдаги “Қўйлиқ-Қипчоқ” участкаси қурилиши якунига етказилади.

Шунингдек:

– йўл ҳаракатини “ақлли тартибга солиш” тизими жорий этилиб, бунга шаҳарнинг 500 та йирик чорраҳаси уланади;

– 200 га яқин мунтазам автобус йўналишлари ташкил этилади;

– жамоат транспорти паркини янгилаш учун 400 та замонавий автобус, 700 та электробус олиб келинади;

– 90 та янги замонавий метро поездлари олиб келиниб, йўловчилар ташиш қуввати 2 баробарга оширилади. Автобуслар қатновини субсидиялаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади.

 

ЎзА