12 январь куни Ўзбекистон Президенти Тебинбулоқ конини ўзлаштиришга доир ПП-3473-сонли қарорни имзолади. Унга мувофиқ, Тебинбулоқ кони базасида йилига 1 миллион тоннагача пўлат маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга тоғ-металлургия комплексини қуришга доир инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳада қуйма темир ва пўлат олишда нодомен технологияни қўллашни кўзда тутилади. 

Бир ой муддатда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тузилмасида Тебинбулоқ кони негизида тоғ-металлургия комплекси қурилиши Дирекцияси ташкил қилинади. Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2018 йилнинг 1 апрелига қадар лойиҳани амалга оширишни молиялаштирувчи аниқ манбалар бўйича таклиф киритиши керак бўлади.

Дирекциянинг харажатларини молиялаштириш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб берилди.

«Тебинбулоқ кони базасида тоғ-металлургия комплекси қурилиши» лойиҳасини амалга оширишга доир ишларни ташкил қилиш бўйича Ишчи комиссия тузилади.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Ўзинжиниринг» Республика лойиҳавий институти билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 30 декабрига қадар Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига «Тебинбулоқ кони базасида тоғ-металлургия комплексининг қурилиши» лойиҳасининг белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва мувофиқлаштирилган техник-иқтисодий ҳужжати киритилиши керак.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикасининг ер ресурслари, геодезия, картография ва кадастр Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер участкаларини ажратиш ва шу муносабат билан маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар воситалари ҳисобидан компенсациялар тақдим этилишини (фермер хўжаликлари кўрган зарарлар, кесилган дарахтлар ва аҳолининг кўчирилиши сабабли) таъминлайди.

Лойиҳа 2020 йилнинг 1 январига қадар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

 

Манба: kun.uz