Сайлов – 2021

Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллада давом этмоқда. Президентликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари, сайловчилар билан учрашувлари жадал руҳда ташкил этилмоқда. Ўз навбатида, сайловчиларнинг сайлов жараёнидаги иштирокини таъминлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва тажрибаларини янада бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам изчил давом эттириляпти. Зеро, ушбу сиёсий тадбир мамлакат ва фуқаролар ҳаётида, эртанги кунимизнинг барқарор ривожланишида ўта долзарб аҳамият касб этади.

Юртимизда бўлиб турган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда халқаро кузатувчилар ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ жараёнларни мунтазам кузатиб, ўз хулоса ва фикрларини тақдим этиб бораётгани эътиборга молик. Шунингдек, мамлакатимиздаги сайлов жараёнлари кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва экспертлар томонидан ҳам таҳлил қилиниб, турли чиқишлар қилинмоқда.

Хусусан, яқинда Мисрнинг етакчи босма нашрларидан бири «Ал-ахбар ал-Масай» газетасида босилиб чиққан мақолада Ўзбекистон Президенти сайлови кампанияси ҳақида батафсил сўз боради. Унда бўлажак Президент сайловини кузатиш учун тегишли минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг кўплаб  вакиллари иштирок этиши кутилаётгани алоҳида таъкидланган. Жумладан, Ўзбекистондаги сайлов жараёнини ёритиш учун 930 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари рўйхатга олингани, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловга республикада ҳамда мамлакатнинг хорижий давлатлардаги дипломатия миссияларида қизғин ҳозирлик кўрилаётгани қайд этилган. Шунингдек, мақолада Президент сайлови янги миллий сайлов қонунчилиги асосида, умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ҳамда демократия тамойилларига мувофиқ очиқ ва ошкора равишда ўтказилиши алоҳида таъкидланган.

«Ал-ахбар ал-Масай»да сайловчиларни Президент сайловининг мазмун-моҳияти, сайловнинг ўзига хос хусусиятлари, янги қабул қилинган Сайлов кодекси, миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардор қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларга ҳам кенг ўрин берилган. Шунингдек, Президент сайлови Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланаётган пайтда бўлиб ўтаётганида ҳам чуқур маъно борлигига урғу берилган.

Ўзбекистон Президенти сайлови ҳақидаги бу каби чиқишлардан яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Эронда инглиз тилида чоп этиладиган «Iran News» газетасида ҳам «Ўзбекистон муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўрмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Президенти сайловига бағишлаб ўтказилган брифинг тафсилотлари келтирилган ҳамда янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва сайловни ўтказиш амалиётини босқичма-босқич такомиллаштириш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида эътироф этилган.  Газетада, шунингдек, Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 38 давлатда 54 сайлов участкаси, 128 шаҳарда, шу жумладан, Ўзбекистоннинг дипломатия ваколатхоналари бўлмаган 11 давлатда 316 қўшимча мобиль сайлов участкасини тузиш режалаштирилгани ҳам таъкидланган. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасида ҳам Эронда истиқомат қилаётган ёки вақтинча бўлиб турган мамлакат фуқароларининг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириши учун сайлов участкаси тузилганлиги қайд этилган.

Яна шундай чиқишлардан бири Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» газетасида «Сайловолди тайёргарлик ишлари якунлангач, 24 октябрь куни Ўзбекистонда Президент сайловлари ўтказилади» сарлавҳаси остида чоп этилган. Мақолада Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайлови кампаниясининг бориши,  мамлакатда ва хориждаги ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш учун яратилаётган шароитлар ва номзодлар ҳақида батафсил ахборот берилган. Шунингдек, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар келтирилган.

Эътироф этиш керакки, мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу муҳим тадбир кўплаб халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эътибори ва нигоҳида бўлиб тургани сайлов жараёнларининг янада шаффоф, адолатли, очиқ-ошкора, белгиланган тартиб-қоидалар асосида ўтишида алоҳида ўрин тутади. Қолаверса, хорижий ОАВда бу каби кўплаб чиқишлар янги Ўзбекистон шароитида ўтаётган сайлов жараёнларига нисбатан қизиқиш юқори эканлигини кўрсатади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА