Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг бухоролик сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

–Ҳаммамиз яхши биламиз, кўҳна ва боқий Бухоро инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Бу қутлуғ диёрда ўтмишда 400 га яқин мадраса, жумладан, 33 та олий мадраса, яъни, олий ўқув юрти фаолият юритгани бугун ҳам, одамни ҳайратга солади. Бухоро – Имом Бухорийдек буюк ҳадисшунос олимлар, Муҳаммад Наршахийдек улуғ тарихчилар, Ибн Синодек тиббиёт илмининг пири бўлган тенгсиз алломалар, қадри баланд инсонлар юрти.

Бухоро – “етти пир” номи билан маълум ва машҳур бўлган азиз-авлиёлар хоки поклари ётган муқаддас заминдир. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Бухорои шарифдан бугунги кунгача уч мингдан зиёд машҳур олим ва адиблар, сиёсат ва жамоат арбоблари, маданият намояндалари етишиб чиққан,– деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА