Икки кун давомида Нукус шаҳридаги «Манеж» спорт саройида ўтказилган аралаш яккакураш, яъни ММА бўйича биринчи Марказий Осиё чемпионати якунига етди.

Мусобақада жами 10 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Умумжамоа ҳисобида ғолиблик учун асосий кураш Қозоғистон ва Ўзбекистон яккакураш усталари ўртасида кечди.

Финалга Қозоғистондан 8, Ўзбекистондан 7 нафар жангчи етиб келган эди. Якунда ҳамюртларимизнинг барчаси финал жангларини ўз фойдасига ҳал қилди. Қозоғистонлик спортчилар 3 та вазнда чемпион бўлди.

Жумладан, 53.2 кг вазн тоифасида Ерсултан Шакенбай (Қозоғистон), 56.7 кг вазн тоифасида Жамшид Тиллаев (Ўзбекистон), 61.2 кг вазн тоифасида Еркебулан Бегасилули (Қозоғистон), 65.8 кг вазн тоифасида Шукуржон Рустамов (Ўзбекистон), 70.3 кг вазн тоифасида Неъмат Асадов (Қозоғистон), 77.1 кг вазн тоифасида Мунис Мўминжонов (Ўзбекистон), 83.9 кг вазн тоифасида Зокир Мамарасулов (Ўзбекистон), 93 кг вазн тоифасида Ҳусанбой Раҳимов (Ўзбекистон), 120.2 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Раҳимов (Ўзбекистон), +120.2 кг вазн тоифасида Ихтиёр Холмуродов (Ўзбекистон) биринчи ӯринларни эгаллаб, биринчи Марказий Осиё чемпионига айланди.

Тақдирлаш маросимида Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси (IMMAF) президенти К.Браун, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА