Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш учун 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятига келди.
Қарши шаҳридаги Президент мактабида номзоднинг вилоят сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Учрашувни номзоднинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили Темур Поёнов очди.
Жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига вилоятда пухта тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилди.
Ишончли вакил кейинги йилларда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз, шу жумладан, Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, уларнинг одамлар турмуши фаровонлигини яхшилашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди., Айниқса, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, саноат йўналиши, ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим ва бошқа соҳаларда амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга берилди.
Айни пайтда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда.
ЎзА