Пойтахтимизда XIII Тошкент халқаро кинофестивали якунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга фестиваль иштирокчилари, хорижлик меҳмонлар, кино арбоблари таклиф этилди.

Бугун мамлакатимизда жадал ислоҳотлар, янгиланишлар жараёни кечмоқда. Бу ислоҳотлар маданият ва санъат соҳасини қамраб олаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат учун» шиори остида ташкил этилган мазкур халқаро кинофестиваль 50 га яқин давлат киноижодкорларини ўз атрофида бирлаштирди. Янгиланиб бораётган Ўзбекистонимизда кечаётган ўзгаришларга ҳамоҳанг бўлган мазкур шиор жаҳон кинематографияси санъатидаги энг яхши экран асарларини томошабинларга тақдим этди, десак муболаға бўлмайди.

Фестиваль доирасида кўплаб давлатларнинг миллий кино кунлари бўлиб ўтди. Ҳужжатли, қисқа метражли фильмлар намойишлари кинонинг нақадар кенг ва ранг-баранг соҳа эканлигини яна бир карра намоён этди. «Кино 5 кунда» ижодий лойиҳаси ёшларнинг кинога бўлган меҳри ва иштиёқини тобора кучайтирди. Жаҳон кино усталари иштирокидаги мулоқот ва учрашувлар, маҳорат дарслари кўпчилик ҳаваскорлар қалбига чинакам меҳр чироғини ёқди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Фестиваль мамлакатимиз бўйлаб кино санъатининг катта байрами сифатида ўтказилгани янги-янги ижодий лойиҳалар, ҳамкорликнинг янги истиқболларига кенг имконият,замин яратади,албатта.

Кино байрамининг барча иштирокчилари Тошкент халқаро кинофестивалини юксак савияда ўтказишга амалий эътибори учун Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдириб, келгуси фестивални интиқлик билан кутишини билдирди.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали юқори руҳда ўтганини жаҳон киносининг атоқли намояндалари қайд этганини таъкидлади.

– Ушбу кинофестиваль Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан эътиборида экани диққатга сазовор,–- деди ҳиндистонлик кинорежиссёр Умеш Меҳра. – Унинг жуда баланд руҳда ўтгани Ўзбекистон раҳбарияти Кинематография санъати ривожига жуда масъулият билан ёндашаётганини англатмоқда. Фестиваль турли мамлакат киночилари ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига зўр туртки берди.

— Тошкент халқаро кинофестивали жаҳон кинематографиясининг энг сара элитасини ўзига жалб этди, – деди грузин кино арбоби Давид Жонилидзе.– Фестиваль кунлари мулоқотларга, учрашувларга жуда бой бўлди. Ижодкор учун ўзаро фикр ва тажриба алмашиш жуда яхши нарса.

– Тошкент халқаро кинофестивали биз кутганимиздан ҳам аъло даражада ўтди,– деди беларуслик кино арбоби Владимир Карачевский. – Унинг очилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан иштирокчиларга табрик йўллангани барчани руҳлантириб юборди. Ўзбекистон кино санъати ривожланиш йўлида эканига барча иштирокчилар ўзлари гувоҳ бўлдилар. Бу фестивалнинг шундай юксак савияда ташкил этилгани учун мамлакат етакчиси ва ташкилотчилардан ғоят миннатдормиз.

–- Фестиваль фильмларини саралашда барчага манзур бўладиган картинани танлашга алоҳида эътибор қаратдик, – деди россиялик кинорежиссёр, Халқаро кинофестиваль ҳакамлар ҳайъати раиси Тимур Бекмамбетов. – Ва шуни мамнуният билан айтаманки, барча учун манзур бўладиган фильмни топдик.

«Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивали якунига кўра, йигирмадан зиёд энг сара фильмлар мукофот, статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланди. Фестиваль бош соврини – Гран-присига ўзбекистонлик Шерзод Назаров «Ипак йўлида» фильми учун муносиб топилди.

Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш тадбири лазерли шоу, катта байрам, мусиқа, рақс, кино байрами тарзида бўлиб ўтди.

Тошкент халқаро кинофестивали ёпилиши маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.

 

Назокат Усмонова,

ЎзА