Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29 сентябрь куни Андижон вилоятида бўлди.

Шавкат Мирзиёев Андижон туманида вилоят сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Шундан сўнг Андижон давлат тиббиёт институти клиникасини бориб кўрди.

Бу шифохона 1975 йилда қуриб битказилган. Кейинчалик жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Клиникага йилига ўртача тўқсон мингдан ортиқ мурожаат бўлади. Ўттиз мингдан зиёд бемор стационар тарзда даволанади. Шунингдек, Андижон давлат тиббиёт институти талабалари амалий машғулотларини шу ерда ўтказишади.

Лекин шифохонада бунинг учун шароитлар етарли эмас. Бинолар эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги аҳволни кўздан кечирди. Клиникани тўлиқ реконструкция қилиб, унинг негизида водий аҳолиси учун кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология бўйича мураккаб операциялар ўтказадиган тиббиёт маркази ташкил этишга кўрсатма берди.

Президент шифокорлар билан суҳбатлашди.

– Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун, энг аввало, одамларнинг саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилашимиз керак. Бу институт ва клиника шу борада катта марказлардан бири бўла олади. Бунинг учун зарур шароитларни яратамиз. Фақат таълим методикасини янгилаш, дунё тиббиётида қўлланилаётган илғор услубларни татбиқ этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Андижон вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Мутасаддиларга аҳолиси кўп Шаҳрихон тумани мисолида тиббий кўрик ўтказиб, касаллик турлари бўйича даволашнинг янги услубларини амалиётга жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги “Янги авлод” хусусий мактаби фаолияти билан танишди.

Мазкур умумтаълим мактаби “боғча – мактаб – университет” бўғинидан иборат таълим кластерининг илк босқичидир. Мактаб ўн бир йиллик бўлиб, бу йил илк ўқувчиларини қабул қилди.

Таълим муассасаси уч қаватли иккита ўқув биносидан иборат бўлиб, 55 та синфхона, 3 та лаборатория, фан кабинетлари бор. Улар замонавий ўқув жиҳозлари ва ускуналар билан таъминланган.

Мактаб чет тилларига ихтисослаштирилган бўлиб, инглиз, хитой, араб тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта инглиз тили бўйича ноанъанавий методика асосида билим бериш йўлга қўйилди. Бунинг учун алоҳида мураббий фаолият юритади, махсус қўлланмалар нашр этилган. Ўқувчиларга IELTS халқаро имтиҳон тизими бўйича 7-7,5 балл олиши кафолатланади.

Бундан ташқари, аниқ фанларни инглиз тилида интерфаол тарзда ўқитиш, ментал арифметика, ахборот технологиялари, робототехника тўгараклари ташкил этилган. Ошхона, очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари, гимнастика ва хореография хоналарида зарур шароитлар яратилган.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси асосида “Янги авлод” мактаби ва Андижон шаҳридаги “Digital City” IT-парки ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Информатика дарслари, робототехника, график дизайн бўйича машғулотлар IT-парк мутахассислари томонидан олиб борилади.

Президент мактаб ўқувчилари билан суҳбатда уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлади.

– Сизлар энг тўғри йўлни – билим йўлини танлагансизлар. Ҳеч қачон ўқишдан, изланишдан тўхтаманглар. Вақт тез ўтади, эртага ҳаётда муносиб ўрин топишингиз, замонга мос мутахассислар бўлиб етишишингиз учун бугун ўқишингиз керак. Мен ишонаман, сизлар мутлақо янги авлод ёшлари бўлиб улғаясизлар, ота-онангиз, эл-юртингиз орзусини рўёбга чиқарасизлар. Чунки сизларда билим бўлади. Билим эса, кўп бор айтганимдек, ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Яккаю ягона нажотимиз – илм, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда мактабгача таълим муассасаси ва университет барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, мактаб ёнида 150 ўринли боғча, 500 ўринли ахборот технологиялари университети қурилиши режалаштирилган. Шу тариқа боғча, мактаб ва университет таълим кластерига айланади. Уларда болалар боғча ёшидан чуқурлаштирилган билим олиб, ахборот технологиялари бўйича етук мутахассислар бўлиб етишади.

Давлатимиз раҳбари хусусий таълим истиқболлари билан қизиқди. Бундай мактабларга хориждан ўқув дастурлари ва ускуналар олиб келишда божхона имтиёзлари бериш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Шу ерда журналистлар билан қисқача мулоқот бўлди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи якунига етди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари