Мазкур умумтаълим мактаби “боғча – мактаб – университет” бўғинидан иборат таълим кластерининг илк босқичидир. Мактаб ўн бир йиллик бўлиб, бу йил илк ўқувчиларини қабул қилди.
Таълим муассасаси уч қаватли иккита ўқув биносидан иборат бўлиб, 55 та синфхона, 3 та лаборатория, фан кабинетлари бор. Улар замонавий ўқув жиҳозлари ва ускуналар билан таъминланган.
Мактаб чет тилларига ихтисослаштирилган бўлиб, инглиз, хитой, араб тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта инглиз тили бўйича ноанъанавий методика асосида билим бериш йўлга қўйилди. Бунинг учун алоҳида мураббий фаолият юритади, махсус қўлланмалар нашр этилган. Ўқувчиларга 10-синфни тамомлагач, IELTS халқаро имтиҳон тизими бўйича 7-7,5 балл олиши кафолатланади.
Бундан ташқари, аниқ фанларни инглиз тилида интерфаол тарзда ўқитиш, ментал арифметика, ахборот технологиялари, робототехника тўгараклари ташкил этилган. Ошхона, очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари, гимнастика ва хореография хоналарида зарур шароитлар яратилган.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси асосида “Янги авлод” мактаби ва Андижон шаҳридаги “Digital City” IT-парки ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Информатика дарслари, робототехника, график дизайн бўйича машғулотлар IT-парк мутахассислари томонидан олиб борилади.
Президент мактаб ўқувчилари билан суҳбатда уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлади.
– Сизлар энг тўғри йўлни – билим йўлини танлагансизлар. Ҳеч қачон ўқишдан, изланишдан тўхтаманглар. Вақт тез ўтади, эртага ҳаётда муносиб ўрин топишингиз, замонга мос мутахассислар бўлиб етишишингиз учун бугун ўқишингиз керак. Мен ишонаман, сизлар мутлақо янги авлод ёшлари бўлиб улғаясизлар, ота-онангиз, эл-юртингиз орзусини рўёбга чиқарасизлар. Чунки сизларда билим бўлади. Билим эса, кўп бор айтганимдек, ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Яккаю ягона нажотимиз – илм, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда мактабгача таълим муассасаси ва университет барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, мактаб ёнида 150 ўринли боғча, 500 ўринли ахборот технологиялари университети қурилиши режалаштирилган. Шу тариқа боғча, мактаб ва университет таълим кластерига айланади. Уларда болалар боғча ёшидан чуқурлаштирилган билим олиб, ахборот технологиялари бўйича етук мутахассислар бўлиб етишади.
Давлатимиз раҳбари хусусий таълим истиқболлари билан қизиқди. Бундай мактабларга хориждан ўқув дастурлари ва ускуналар олиб келишда божхона имтиёзлари бериш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.
Шу ерда журналистлар билан қисқача мулоқот бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА