Таэквондо бўйича “Токио-2020” Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритган Улуғбек Рашитов Қорақалпоғистон Республикасида бӯлди.
Нукус халқаро аэропортида Олимпия ўйинлари ғолибини спортчилар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали равишда кутиб олди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича кенг кӯламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу вазифаларни бажаришга қаратилган дастурларни амалга оширишда PepsiCо компаниясининг Ўзбекистондаги расмий боттлери – International Beverages Tashkent ҳам ўз ҳиссасини қўшишга, мамлакатда турли спорт йўналишлари, профессионал футбол, хоккей, бокс, оғир атлетика ва бошқа спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишда фаол иштирок этмоқда.
МОҚ ва International Beverages Tashkent компанияси ўртасидаги шу йилнинг май ойида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида республикада оммавий спортни фаол қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни спорт майдонига жалб қилиш бўйича ишлар ташкил этилди. Бу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистоннинг энг ёрқин ва иқтидорли спортчилари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, “Токио-2020” Олимпия ўйинларида таэквондо бўйича Ўзбекистон учун биринчи олтин медални қўлга киритган Улуғбек Рашитов билан мамлакатимиз бӯйлаб учрашув ташкиллаштирилмоқда.
2017 йилда спортчи биринчи бўлиб Атирау шаҳри (Қозоғистон)да ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг совриндори бўлди ва иккинчи ўринни эгаллади. 2018 йилда ўсмирлар Олимпия ўйинларида кумуш медаль соҳиби бўлди. Шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллади. 2019 йилда эса ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони ва 2019 йилнинг энг яхши спортчиси бўлди. Ёш Улуғбек мураббий Павель Хан қўлида таҳсил олди ва устози уни Олимпия чемпионига айлантирди.
– Таэквондодан воз кечиб, футболга боришни истаган пайтларим бўлган, чунки, бошланғич паллада сезиларли ютуқларга эришолмаганман, –дейди Улуғбек Рашитов. –Лекин мураббий мени ҳар бир мағлубиятим сабоқ эканини айтиб, қўйиб юбормади, қўллаб-қувватлади, рағбатлантирди. Шунинг учун мен шу йўналишда қолишга қарор қилдим ва бундан афсусланмадим.
Олимпия ўйинлари чемпиони Нукус шаҳридаги 1-болалар ва ӯсмирлар спорт мактабига ташриф буюриб, тарбияланувчилар билан мулоқот қилди. Уларни қизиқтирган саволларига жавоб берди. Ёш спортчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилди ва уларга совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА