Бугун 27 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги Ишончли вакили Рустам Холмуродов қўшработлик сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Тадбир самимий, кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
-Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшишига, мамлакатимизни тараққий эттиришига, аҳолининг ҳаёт сифатини янада яхшилашига, иқтисодиётни бунданда кўтаришига, болаларимиз соғлом, илмли, бахтли бўлиши учун барча шароитларни яратиб беришига ишонаман, – дея таъкидлади Рустам Холмуродов. – Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига раҳбар бўлган пайтида ҳам Қўшработ туманига, қўшработликларга алоҳида эътибор ва меҳр билан ёндашар эди. Бугун ҳам Қўшработ туманининг истиқболи йўлида бир қатор жуда катта лойиҳалар амалга оширилади. Ҳали шундай шароитлар яратиладики, ҳамма Қўшработ билан қизиқади, Қўшработга кела бошлайди.
Абдулҳамид Қурбонов, меҳнат фахрийси:
– Шавкат Мирзиёевнинг Ишончли вакили Рустам Холмуродов билан учрашув ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли, жуда яхши ўтди. Ҳақиқатдан ҳам кейинги беш йилда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қанча ишлар амалга оширилди. Мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Мактаб таълими тикланди. Тиббий хизмат яхшиланди. Одамларда эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Рўзғоримизга барака кирди. Бой бўлдик. Йўлларимиз равонлашди. Юртимиз тинч. Энг муҳими қўрқув йўқолди.
Мен барчага мурожаат қилмоқчиман: Келажагингиз, фарзандингиз эртаси, юртимизнинг шиддат билан ривожланиши, инсон қадри янада ошиши учун Шавкат Мирзиёевга овоз беринг.
Асқар Зокиров, Навоий кон-металлургия комбинати жанубий кон бошқармасига қарашли Зарметан ҳудудидаги 4-сонли гидрометрология заводи раҳбари:
– Бугунги кунда сўнгги 5 йилда бўлаётган ўзгаришларни сезмаган, ҳис қилмаган, уни англамаган одам бўлмаса керак. Ўтган давр мобайнида жуда катта миқёсда боғчалардан тортиб, то университетгача, саноатдан маданиятгача, ишлаб чиқаришдан электромобилларгача, ҳар бир соҳадаги ислоҳотларни бевосита сўз билан таърифлаш қийин. Шавкат Мирзиёев халқимиз орасига кириб, ҳар бир инсон дардига қулоқ тутиб, муаммоларни ҳал қилмоқда. Мен бу ўзгаришлар ва ислоҳотларни ҳис қилган, англаган инсон сифатида барча юртдошларимни Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақираман.
Тожиҳол Тоғаева, тадбиркор:
-Мен бир неча йиллардан бери тадбиркорлик билан шуғулланаман. Биласизми, бизга берилаётган эътибор ва имкониятлар сўнгги 5 йилда сезиларли даражада ошди. 2018 йилда туманимизда 100 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасини очдим. Бу орқали 20 га яқин хотин-қизларни иш билан таъминладим. Шунингдек, 2019 йилда тикув цехи, 2020 йилда узумчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилдим. Кўряпсизми, 3 йил ичида мен 3 корхона очиб, уларни муваффақиятли фаолиятини йўлга қўйдим. Буларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев туфайлидир. Мен 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевга овоз бераман ва барчани ушбу номзодни қўллаб-қувватлашга чақираман.
Отабек САЪДУЛЛАЕВ
Шавкат АКРАМОВ олган сурат.