Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси ва Бош консулхонасининг хабар беришича, октябрь ойида режалаштирилаётган Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайловни юқори даражада ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича фаол тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳузурида сайлов участкалари ташкил этилди. Мазкур сайлов участкаларининг раислари ҳамда дипломатик ваколатхона ва АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлардан иборат комиссия аъзолари шакллантирилмоқда.
Сайлов участкаларининг чегаралари белгилаб олиниб, Вашингтон шаҳридаги сайлов участкасига АҚШнинг 18 та штати, Канада, Куба ва Бразилия ҳамда Нью-Йоркдаги сайлов участкасига АҚШнинг қолган штатлари, Американинг бошқа давлатлари киритилган.
АҚШдаги дипломатик ваколатхонанинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайлов 24 октябрь куни Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларида ўтказилади.
Баъзи бир сабабларга кўра ушбу санада сайловда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида фуқаролар жипс яшайдиган қуйидаги 8 та шаҳарларда муддатидан олдин сайлов ўтказиш режалаштирилган. Хусусан: 15 октябрь куни Сан-Франциско шаҳри (Калифорния штати); 16 октябрь куни Бруклин (Нью-Йорк), Орландо (Флорида); 17 октябрь куни Чикаго (Иллинойс), Пайкесвилле (Мериленд), Стерлинг (Виржиния), Филаделфия (Пенсилвания); 18 октябрь куни Питтсбург (Пенсилвания) шаҳарларида кўчма сайлов участкалари ташкил этилади.
Фуқаролар ўртасида сайлов жараёнига оид маълумотларни кенг тарқатиш, муддатидан олдин ўтказиладиган сайлов участкаларининг жойлари ва саналари ҳақида ватандошларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида “Rost24 ҳақиқий журналистика» сайти, «Америка овози», Филаделфиядаги «Сарбон» ва Нью-Йоркдаги «95.5 HD2» радиолари, «Бухариан таймс», «Маконим» газеталари, таниқли блогерлар ҳамда АҚШдаги ўндан зиёд ватандош уюшмалари билан ҳамкорликда сайловолди ташвиқот-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказишни ташкиллаштириш учун “Facebook” “Twitter” “Instagram” каби оммавий ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтлар ҳамда кўп сондаги фуқароларни қамраб олган «Телеграм» ва “WhatsApp” каналларининг имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Американинг узоқ ҳудудларидан ҳам муддатидан олдин овоз бериш жойларининг ташкил этилаётганлиги, сайлов ҳақида фуқаролар ўртасида самарали ташвиқот-тарғибот ишларининг олиб борилаётганлиги ва электрон шаклдаги сайловчилар рўйхатига олишнинг қулай имкониятлари яратилганлиги натижаси ўлароқ, сайловда иштирок этиш истагини билдирган фуқароларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, АҚШдаги дипломатик ваколатхоналаримиз Америка диёрида истиқомат қилаётган барча фуқароларимизни ушбу ҳавола (https://uzbekistan.org/page/view?id=53)да келтирилган сайлов участкаларидан бирида овоз беришга чақиради.
Сайловчилар рўйхатига киритиш учун фуқаролардан saylov.mfa.uzвебсайтдан фойдаланиш тавсия қилинади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА