Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг наманганлик сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

Учрашувда Наманганнинг яна бир атоқли намояндаси – юртимизда биринчи бўлиб “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган Сўфизоданинг ҳаёти ва фаолияти ҳар томонлама эътиборга сазоворлиги қайд этилди.

–Бу тараққийпарвар инсон 1913 йили Чуст шаҳрида етим болалар учун жадид усулида мактаб ташкил қилади. Зулм ва зўравонлик, жаҳолатга қарши шеърлар ёзгани учун у қувғин ва таъқибларга учраб, она юртидан бош олиб кетишга мажбур бўлади.

Сўфизода кўп йиллар хорижий мамлакатларни кезиб, илғор тараққиёт намуналари билан яқиндан танишади. Ҳиндистонда муаллим, Афғонистонда маориф вазирининг ўринбосари вазифаларида ишлайди.

Кейинчалик яна Туркистонга қайтиб, миллатимизнинг кўзини очиш, ёшларни илм-маърифатдан баҳраманд қилиш йўлидаги ишларини давом эттиради.

Афсуски, бутун умр эл-юрт ташвиши билан яшаган Сўфизода 1937 йили “халқ душмани” деган туҳмат билан 57 ёшида отиб ташланди. Бу улуғ инсоннинг оғир ва машаққатли кечган ҳаёти бир ҳақиқатни яна бир бор исботлайди – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳеч қачон осон кечмаган.

Ватанимиз истиқлоли, халқимиз равнақи йўлидаги улкан хизматларини инобатга олиб, Наманган вилояти болалар кутубхонасига Муҳаммад-шариф Сўфизода номини берсак, ўйлайманки, ҳар жиҳатдан ўринли бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА