Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашувда вилоят аҳлининг меҳнатсеварлиги, аҳлоқи ва юксак маданиятини алоҳида эътироф этди.

–Мен ҳар гал Наманган заминига келиб, иймон-эътиқоди мустаҳкам, бағрикенг ва заҳматкаш инсонлар билан дилдан суҳбатлашганимда, уларнинг одоб-ахлоқи, юксак маданиятини, хушмуомаласини кўриб, доим қойил қоламан.

Шу маънода, Наманганнинг меваси ширин, мевасидан ҳам шеваси ширин, деган гапда жуда катта ҳаётий ҳақиқат бор. Муқаддас китобларимизда “Аллоҳ гўзалдир ва у гўзалликни севади” деб  айтилганини сизлар яхши биласизлар.

Наманган элининг мана шу илоҳий сўзларга амал қилиб, ўз юртини ҳар томонлама обод ва сўлим масканга, гуллар диёрига айлантириш йўлидаги амалий ҳаракатлари юксак ҳурматга лойиқ.

Кейинги уч-тўрт йилда бу заминда бунёд этилган “Афсоналар водийси” мажмуаси, Ибрат боғи, Ёшлар зиё маскани, Наманган моно-маркази, кўплаб замонавий корхоналар, кўркам уй-жойлар, илм-фан, маданият, санъат ва спорт масканлари, бутунлай янгича қиёфа касб этган Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи, Нодира номидаги кутубхона ҳам бу фикрни тасдиқлайди, – деди Президент.

 

 ЎзА